Исрофдан сақланиш йўллари
Исроф – бир нарсани заруратдан ортиқча сарфлашдир. Аллоҳ таоло бандаларини исрофдан қайтариб, бундай буюради: «Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилгувчи кимсаларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).
Одатда исрофга сабаб бўлувчи омиллар қуйидагилардир:
– шариатда исрофдан қайтарилганини билмаслик;
– исроф ёйилган муҳитда яшаш ва исрофчиларга тақлид қилиш;
– тангликдан кейинги кенгчилик. Инсон гоҳида танглик, маҳрумлик, қийинчиликда яшайди. Кейин вазият ўзгариб, топиши яхшиланади ва еб-ичиш, кийинишда кенгчилик пайдо бўлади.
Шунда у мўътадилликдан ўтиб, исрофга йўл қўяди;
– охиратни унутиш; бу ҳолатда киши дунё лаззатларига муккасидан кетади ва борини шу мақсад йўлида қурбон қилади;
– исрофчилар билан улфат бўлиш. Чунки инсонга дўсти ва суҳбатдошининг одатлари юқади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши дўстининг динида бўлади. Демак, ҳар бирингиз кимни дўст тутишига назар солсин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Ҳоким ривояти). Исроф кўпинча исрофчилар билан аралашиб, бирга юргани сабабли юзага келади.
Исрофни тарк этишга ёрдам Исрофдан сақланиш йўллари берувчи воситалар: – сарф-харажатда мўътадил бўлиш. Аллоҳ таоло ўзининг суюкли бандаларини Қуръони каримда бундай таърифлайди: «Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (Фурқон сураси, 67-оят). Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Улар ҳожатдан ташқари сарф этмайдилар, инфоқ қилишда исрофга йўл қўймайдилар. Аҳлларининг ҳаққидан қисиб, уларга нисбатан бахиллик қилмайдилар. Балки мўътадил бўладилар”;
– исрофчилардан йироқ бўлиш: бу исрофчи билан суҳбатни узиш, ҳимматли, одамларнинг мол-жон ва обрўларини ҳимоя қилган ҳолда исломий ҳаёт кечираётган кишилар ила ҳамсуҳбат бўлиш орқали амалга оширилади;
– Набий алайҳиссаломнинг сийратларини ўқиш ва у зотнинг суннатларига эргашиш;
– солиҳ зотларнинг ҳаётини ўрганиб, ибрат олиш. Чунки улар умматнинг йўлчи юлдузларидир;
– исрофнинг оқибатлари ҳақида тафаккур қилиш. Инсон исрофга йўл қўйса, қандай ҳолга тушишини, нафақат бу дунёда, балки охиратдаги оқибатини ўйлаши бу иллатдан қутулишига сабаб бўлади;
– ўлим ва охиратни эслаш. Бу исроф ва дабдабани тарк этишга ҳамда охиратга тайёргарлик кўриш ва ҳожатидан ортганини инфоқ қилишга ундайди. Мўмин банда исрофдан сақланиш учун уни келтириб чиқараётган сабаблардан қочса, бу хасталикни “даволайдиган” воситаларни ўзига лозим тутса, дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топади, иншоаллоҳ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Юсуфхон ШОДИЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил, 22-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws