Оламлар Сарвари барҳаётдирлар
“Билингизки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бордир. Агар у кўп иш(лар)да сизларга бўйинсунса, албатта, сизлар машаққатларга дучор бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ сизларга иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга безак қилди ҳамда сизларга куфрни, фисқ-фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина тўғри йўл топувчилардир. (Бу) Аллоҳ (томони)дан бўлмиш фазл (марҳамат) ва неъматдир. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир” (Ҳужурот сураси, 6–7-оятлар).
Улуғ саҳоба Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу тобеинларга сабоқ бера туриб: «“Билингизки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бордир…” оятини тиловат қилди ва: “Бу пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У зотга ваҳий келади. Набий алайҳиссалом ҳаётликларида у зотга ваҳий тушиб турган бўлишига қарамай, Пайғамбаримиз улуғ саҳобаларга итоат этиб, раъйларига қараганларида эди, улар Расулуллоҳга эргашар, оқибатда ўзлари қийин аҳволга тушиб қолган бўлар эдилар. Саҳобалар – ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин – ўтиб кетишди. Агар сизлар саҳобаларнинг ўрнида бўлганингизда нима қилар эдингиз?!» деди.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ: «Орангизда Расулуллоҳ борлар. Ўзингизни қийнаган шаръий масалаларни у зотдан сўраб билиб олинглар. Илмсизлиги, маърифатсизлиги туфайли жаҳолат ботқоғига ботиб, мусибатга учраган қавмга ўхшаб қолмаслигингиз учун Набий алайҳиссалом сизларга ҳақ ва ҳақиқатни ўргатадилар. Сиз ўз фикрингиз, раъйингизга кўра иш тутманг, балки Пайғамбардан сўранг. Раббимиз ояти каримада: “Аллоҳнинг оятлари сизларга ўқиб турилган, ораларингизда Унинг пайғамбари турган бир пайтда қандай қилиб (динни) инкор этасиз?! Ким Аллоҳ (дини)ни маҳкам тутса, демак, у тўғри йўлга йўлланибди” (Оли Имрон сураси, 101-оят), деган», деб таъвил қилган.
Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ эса «Орангизда Пайғамбар алайҳиссалом бор экан, у зотни улуғланг, қадрига етинг. Набавий хулқ ила хулқланинг. Чунки у зот сизнинг манфаатингиз учун нима яхши эканлигини биладилар. Аллоҳ таоло ояти каримада: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир” (Аҳзоб сураси, 6-оят), деб марҳамат қилган».
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларига 15 аср бўлди. Бугунги кунда “Билингизки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бордир” оятини қандай тушуниш мумкин, деган савол туғилиши табиий.
Шу саволга муфассирлар Аллоҳ таолонинг: “Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган” (Оли Имрон сураси, 144), ояти каримасини келтириб, у зот Рафиқул аълога риҳлат қилган бўлсалар-да, лекин уммат модомики Қуръони карим оятларига, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилар, сийратларини ўқиб, одобу хулқлари билан зийнатлар эканлар, Оламлар сарвари барҳаётдирлар”, деб жавоб беришган.
Шу билан бирга, у зот келтирган рисолатлари билан орамизда яшамоқдалар. Зеро, у зотнинг пайғамбарликлари жисмларида эмас, келтирган рисолатларида ўз ифодасини топган. Бу рисолатнинг қиёматга қадар бардавомлигини Аллоҳ таоло кафолатлаган.
* * *
“Агар у кўп иш(лар)да сизларга бўйинсунса, албатта, сизлар машаққатларга дучор бўлур эдингиз” ояти “Таъвилоту аҳлис сунна”да: “Агар Набий алайҳиссалом сизлар истаётган, нафсларингиз хоҳлаётган ишларда, шубҳаларда, иккиланишларда сизларга бўйин эгса, машаққатга гирифтор бўласиз”, деб шарҳланган.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оятни оят билан тафсир қилган: “Агар Ҳақ (Аллоҳ) уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса эди, албатта, осмонлар, Ер ва улардаги бор жонзот бузилиб (ҳалок) бўлган бўлур эди. Йўқ, Биз улар учун эслатма келтирдик, улар эса ўзларига (келган) эслатмадан юз ўгирувчидирлар” (Муъминун сураси, 71-оят).
“Лекин Аллоҳ сизларга иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга безак қилди”. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло иймон билан инсон қалбини безади. Мўминлар ўзларидан, ҳатто ҳамма нарсадан кўра Парвардигорга ишончларини яхши кўрадилар. Шу боис иймон эгалари илоҳий буйруқларини сўзсиз бажарадилар. Мабодо мўминлар ўзларининг раъйлари ва Аллоҳнинг буйруғи ёнма-ён келиб қолса, башарий раъйни бир четга суриб, Раҳмоннинг таълимотига итоат этадилар”.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Имом Аҳмад Имом Қатодадан, у киши Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом ошкорадир, иймон эса қалбда бўлади”, дедилар ва муборак қўллари билан уч марта: “Тақво мана бу ерда! Тақво мана бу ерда”, деб кўксиларига ишора қилдилар”».
“…Ҳамда сизларга куфрни, фисқ-фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди”. Яъни сизларга куфр, фисқу фужур ва исённи ёмон қилиб қўйди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч нарса кимда бўлса, у иймон ҳаловатини топибди: 1) Аллоҳ ва Расули унга бошқа ҳамма нарсадан севимли бўлиши; 2) бир кишини фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши; 3) куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
“Ана ўшаларгина тўғри йўл топувчилардир”. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ Рифоа ибн Рофеъ Зурақий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Уҳуд куни мушриклар чекингач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафланинглар. Мен Раббим азза ва жаллага ҳамд айтай”, дедилар. Саҳобалар сафланишди. У зот: “Аллоҳим! Барча ҳамдлар Сенга бўлсин! Аллоҳим, бизга баракотинг, раҳматинг, фазлинг ва ризқингни кенг қилгин. Аллоҳим, бизларга иймонни яхши кўрсатгин ва у билан қалбларимизни безагин. Бизга куфрни, фисқу фужурни ва исённи ёмон кўрсатгин. Бизларни тўғри йўл топувчилардан қилгин!” деб дуо қилдилар» (Имом Насоий ривояти).
Иймон келтириб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунган, қайтариқларидан қайтган ва шу солиҳ амаллари қалбига зеб бериб турган, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрган мўмин-мусулмон учун бу “Аллоҳ (томони)дан бўлмиш фазл (марҳамат) ва неъматдир. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир”.
Аллоҳ таоло барчамизга иймонимизни суюкли, куфрдан, исёндан, гуноҳлардан нафаратланадиган қилсин!
Темурхон АТОЕВ,
Навоий вилояти бош имом-хатиби
(Т.Низом уюштирди).
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил, 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws