Озарбайжон дин арбобларининг II форуми Бокуда ўтказилади
Озарбайжон дин арбобларининг II форуми Бокуда “Конституция ва суверенитет йили” доирасида бўлиб ўтади. Report.az хабарига кўра, тадбирнинг шу йил 24 декабрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
“Озарбайжонда давлат–диний муносабатларнинг конституциявий тамойиллари: дунёвийлик ва виждон эркинлиги” деб номланган мазкур форумда дунёвийлик ва виждон эркинлиги каби асосий конституциявий қадриятларни тарғиб қилиш, дин арбобларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат–диний муносабатларнинг ҳуқуқий ва маданий жиҳатлари, дин арбобларининг касбий ривожланиши, кўп маданиятли ва бағрикенг муҳитни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Тадбирга тегишли давлат идоралари ва дин арбоблари, диний таълим муассасалари ўқитувчилари, илоҳиётшунослар ва мутахассислар, шунингдек, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан диний соҳада ваколатли давлат органларининг юқори лавозимли мутасаддилари таклиф этилади.
И.Аҳмедов тайёрлади.