ИЛК ВАҲИЙ
Дунёдаги энг саодатли оила – Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва Хадича розийаллоҳу анҳо бахтли ҳаёт кечирардилар.
Юқорида зикр этилганидек, улар ўғиллари Қосимдан жудо бўлишди. Шундай оғир имтиҳонларда бир-бирларига муҳаббат, сабр, қаноатда шерик бўлиб, ўзаро меҳр ва ҳурматлари ошиб борди. Туғилганида отасини кўрмай, кейинчалик онасидан айрилган, бобосидан жудо бўлган, амакисининг уйида улғайган зот энди Қурайш қабиласидаги бадавлат аёлнинг эри – бу бой хонадоннинг эгаси ҳам эди. Омонатдор бу инсон бойликни хушламас, унга парво ҳам қилмасди. Аллоҳ таолонинг Ўзи келажакда рисолат беражак бандасини турли ёмонликлару бут-санамларга ибодат қилишдан асраганди… Муҳаммад Аминнинг ёшлари ўттиз саккиздан ошганида Рамазон ойида Макка чеккасидаги Ҳиро тоғидаги ғорга чиқмоқни тусаб қолдилар. Негадир шу жойга чиқиб, у ерда осмону ерларга, юлдузу ойларга қараб, уларнинг яратувчиси борлиги ҳақида тафаккур қилиб ўтирардилар.
Келаси Рамазон ойида ҳам одамлардан узилиб, севимли жойлари узлатга бордилар. Ҳатто баъзан бир неча кунлаб у жойда қолиб кетар, уйга фақат озуқа учун келар, кейин яна ғорга қайтардилар. Ҳеч ким билан гаплашмас, бутун вақтларини тафаккур ва тадаббур ичра ўтказардилар. Бундан Хадича қаттиқ ҳайратланарди…
Кўпчиликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорида қандай ибодат билан машғул бўлганлари, нималар ҳақида тафаккур қилганлари ҳақида савол туғилиши табиий. Келинг, бу саволларнинг жавобини, унинг ҳақиқатини қиёматга қолдириб, Аллоҳ таолодан жаннатда Набий алайҳиссалом ёнларида бўлиб, у зотнинг ўзларидан сўраш бахтини насиб этишини сўрайлик.
Келгуси Рамазон ойи. Муҳаммад алайҳиссалом қамарий қирқ ярим ёшга тўлдилар. Одатдагидек Ҳиро ғорида яна тафаккурга чўмиб ўтирардилар. Бир пайт кўзлари илингандек бўлди-ю, тезда уйғониб кетдилар. Аниқроғи, кимдир уйғотиб юборди. Ажабланганча ўринларидан турдилар. Шу пайт бир овоз эшитилди. Уни эшитган ҳар қандай одамни титроқ тутарди. Бу жамики пайғамбарларга ваҳий олиб келган, ҳамма пайғамбарларга элчи эканининг хабарини берувчи, фаришталарнинг энг улуғи Жаброил алайҳиссалом эди.
Башарият кутган кун келди. Ер юзига Жаброил алайҳиссалом тушдилар ва Расулимиз алайҳиссаломни уйғотар экан, у зотга қараб: “Ўқи!” дедилар.
Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмасдилар. Аллоҳ шундай бўлишини насиб этганди. Аслида бу ҳам Аллоҳнинг ҳикматидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиш- ёзишни билганларида, одамлар Қуръонни ҳам ўзи ёзиб олган деб туҳмат қилишарди. Жаброил алайҳиссаломнинг овози яна жаранглаб, бўлажак Набий алай ҳиссаломга “Ўқи!” деган амрни бериб, қаттиқ қисиб, қўйиб юборарди. У зот ҳайратланиб:
“Мен ўқишни билмайман”, деб жавоб бердилар. Жаброил алайҳиссалом учинчи марта қаттиқ қисиб қўйиб юборгач, “Ўқи!” деганида бу сафар ҳам “Мен ўқишни билмайман” деган жавоб бўлди. Ана шунда улуғ фаришта:
«Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди» (Алақ сураси, 1–5-оятлар) оятларини етказди.
Улар Набий алайҳиссалом қалбларида муҳрланиб қолди. Бу ер юзига тушган биринчи оятлар эди. Қуръони каримнинг дастлабки оятлари. Инсоният учун бахт келди – Қуръон оятлари тушди. Мазкур воқеалар Қадр кечасида содир бўлди. Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятларни эшитиб, ғордан шошилганча чиқдилар. Уйга югуриб бориб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедилар.
Турмуш ўртоғини аввал бундай ҳолатда кўрмаган Хадича ташвишланиб сўради: “Тинчликми, нима бўлди?” Ҳодисани эшитгач, умр йўлдошига тасалли берди: “Қўрқманг, Аллоҳ Сизни ҳаргиз мададсиз қўймайди. Сиз қариндошларга силаи раҳм қиласиз, одамларнинг оғирини енгиллатасиз, муҳтожларга ёрдам берасиз, меҳмонларни сийлайсиз, фалокатга учраганларга ёрдам қўлини чўзасиз”.
Сўнгра у зотни қариндоши Варақа ибн Навфалнинг олдига бошлаб борди. Унинг кўзлари ожиз, қариб қолган эди. Хадича: “Эй амакимнинг ўғли, мана бу биродарингиз ўғлини тингланг”, деди. Варақа: “Қани, айт-чи, нималарни кўрмоқдасан?” деб сўради. Шунда Муҳаммад алайҳиссалом кўрганларини айтиб бердилар. Варақа деди: “Хушхабар муборак бўлсин! Бу Мусо алайҳиссаломга Тавротни олиб тушган фаришта, энди сенга келибди. Пайғамбар бўлибсан. Эҳ, қанийди, қавминг сени ёлғончига чиқарганида, азият берганида, туғилган шаҳрингдан ҳайдаган пайтда навқирон йигит бўлсам эди! Қанийди, ўшанда тирик бўлсам!” Муҳаммад алайҳиссалом ҳайрон бўлдилар: “Ҳали мени ўз юртимдан ҳайдаб чиқаришадими?” “Ҳа! Сен келтирган нарса мисолини (аввалги пайғамбарлардан) ким келтирган бўлса, албатта, адоватга учраган. Ўша кунга (эсон-омон) етсам, сенга қўлимдан келган ёрдамни бераман”, деди қария.
Бу ишончли, омонатдор ва ҳусни хулқ эгаси бўлган инсон ўша кунгача Муҳаммад Амин деб аталарди. Энди эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлдилар.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ” китобидан
http://hidoyatuz.taplink.ws