ХАЛҚАРО АНЖУМАНДА ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ ЮҚОРИ БАҲОЛАНДИ
16 декабрь куни Абу Дабида бўлиб ўттган оилавий ришталарни мустаҳкамлашга бағишланган нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзга чиқдилар.
Нутқ аввалида динимиз оиланинг мавқеини юқори кўтариб, унинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор қаратиши, солиҳ зурриётлар эса буюк келажак пойдевори бўлишини таъкидладилар. Аллоҳ таоло ўзининг комил ҳикмати билан инсон зотини жуфт қилиб яратиб, муҳаббат ила оила қуриб яшашга рағбат пайдо қилгани, ҳалол йўл билан насл қолдиришга буюрганини ояти карима, ҳадиси шарифлар билан баён қилдилар.
Муфтий ҳазратлари анжуман иштирокчиларига оила институтини такомиллаштириш борасидаги Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган Ўзбекистон тажрибасини сўзлаб бердилар. Хусусан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, бунда маҳалла еттилиги, имом-хатиблар ва отинойиларнинг ўрни, оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги имтиёзлар ҳамда оилавий зўравонликларнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларга тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, она ва бола саломатлигини таъминлаш, никоҳланишдан аввал тиббий кўрикдан ўтишнинг афзалликлари, қариндошлар орасида турмуш қуришнинг оқибатлари, ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларига илм-маърифат ва касб-ҳунар ўргатиш орқали муносиб ҳаёт кечиришига кўмаклашиш, тўй-ҳашамлардаги исроф, бидъат ва хурофий одатларни баратаф этиш йўналишидаги тарғибот-ташвиқот ишлари катта самара бераётганига урғу қаратдилар.
Ўз навбатида, анжуман иштирокчилари оилани мустаҳкамлашдаги Ўзбекистон тажрибаси кўп қиррали, диний-миллий қадриятларга асослангани ва намуна оладиган жиҳатлари кўп эканини эътироф этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати