Маън ибн Адий розияллоҳу анҳу
Маън ибн Адий розияллоҳу Маън ибн Адий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котибларидан. Иккинчи Ақаба байъатида Набий алайҳиссалом билан учрашган иймон соҳиби. Ҳижратдан кейин ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг укаси Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан биродар тутинган. Расули акрам томонларидан Масжиди Зирорни ер билан яксон қилиш вазифаси топширилган қаҳрамон инсон!
Маън ибн Адий ансорий асли мадиналик бўлиб, Авс қабиласининг Амр ибн Авф ибн Молик уруғига мансуб. Авф ибн Моликнинг ўринбосари сифатида танилган. “Ансор халифаси”, деб аталган. Яъни, бу қабила билан келишиб, ҳимоясига кириб, Мадинага жойлашгани нақл этилади.
Маън ибн Адийнинг Исломга кириши, ҳаёти ҳақида атрофлича маълумот йўқ. Манбаларда унинг Иккинчи Ақабада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришгани айтилади. Шу билан бирга, Расулуллоҳ алайҳиссалом Мадинага келгач, уни Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан биродар тутинтирганлар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга барча жангларда қатнашди.
У Бадрда қўлга киритилган ўлжалардан улуш олишни истамади. Фақат Пайғамбаримиз олишга ишора қилганлари учунгина олишга мажбур бўлди. У зот Маън розияллоҳу анҳуга жангда шаҳид бўлган Мубашшир ибн Абдулмунзирнинг ўлжалардан улушини оиласига етказиш вазифасини топширдилар.
Маън розияллоҳу анҳу Ислом келмасидан аввал ўқиш ва ёзишни билган кам сонли инсонлардан эди.
Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котибларидан бири бўлиб, Аллоҳ каломини саҳифаларга кўчиришдек шарафли ишни бажарди.
Бир гуруҳ мунофиқлар Исломга, мусулмонларга зарар бериш, кофирларга кўмакдош бўлиш, мўминлар орасига нифоқ солиш ва шу тариқа Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши жанг олиб бориш, бу йўлда уларга келиб қўшиладиган кофирларни шу ерда кутиш учун бир масжид қурдилар. Бунинг устига: “Бу масжидни яхши ниятда қурдик”, дейишди. Шунда ваҳий нозил бўлди: «Яна шундайлар ҳам борки, улар (мўминларга) зарар етказиш, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва олдин Аллоҳ ва (Унинг) Расулига қарши урушган (бир) кишига кўз тутиш учун масжид қуриб олдилар. Яна: «Фақат (бундан) яхшиликни истаган эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир! (Эй Муҳаммад!) зинҳор (Сиз) унда (намоз ўқиш учун) турманг! Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир…”» (Тавба сураси, 107-108-оятлар).
Оятларда очиқ-ойдин амр келгач, Расулуллоҳ алайҳиссалом Молик ибн Духшум билан Маън ибн Адий розияллоҳу анҳумони ҳузурларига чақирдилар ва уларга бундай амр бердилар: “Аҳли золим бўлган масжидга бориб, уни ер билан яксон қилинг, ёқинг!”
Бу икки қаҳрамон йигит вақтни бой бермасдан йўлга чиқишди, Салим ибн Авф ўғиллари маҳалласига – Масжиди Зирорга боришди. Асли шу маҳаллалик бўлган Молик ибн Духшум шеригига бундай деди: “Оила аъзоларимдан олов олиб, ёнингга қайтаман, кутиб тур!” Аҳлининг ҳузурига боргач, хурмо шохларидан бирини олиб, уни ёқиб, биродарининг ёнига келди. Кейин Маън розияллоҳу анҳубилан бирга Зирор масжидига боришди. Шом билан хуфтон орасида масжидни ёқдилар.
Маън ибн Адий розияллоҳу анҳу: “Уларнинг қулоқларини бўриникидек тик қилиб, бизларга қараб турганлари кўз олдимда”, дея мунофиқларинг аҳволини изоҳлади. Зирор масжиди ер билан яксон бўлгач, мунофиқлар ҳам тарқалиб кетди.
Маън ибн Адий розияллоҳу анҳу Аллоҳ ва Унинг Расулига юксак таслимият билан ҳаёт кечирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган боғлиқлиги сабаб ҳар вақт у зотнинг ёнларида бўлишга ҳаракат қилди. Унинг ўзи бу ҳақда бундай дейди: “Суюкли пайғамбаримиз дорул бақога риҳлат қилиш арафасида эканларида саҳобаи киромлар фитналарга йўлиқишдан қўрқиб: “Кошки, у зотдан аввал биз ўлсайдик”, дейишди. Шунда Маън розияллоҳу анҳу: “Худо ҳаққи, мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аввал ўлишни орзу қилмайман. У зот соғлом бўлган пайтларидагидек, вафотларидан кейин ҳам садоқатимни, у зотга муҳаббатимни ва таслимиятимни кўрсатишни хоҳлайман. Шу сабабли асло у зотдан аввал ўлишни орзу қилмайман”, дея биродарларини тинчлантиришга ҳаракат қилди.
Халифа тайинлашда ҳам катта хизматлар кўрсатди. Бундай ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз вафот этган пайтлар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ансорларнинг Бани Сақифда йиғилганлари ҳақида хабар олди. Вақтни бой бермаслик учун ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга: “Юринглар, ансор биродарларимизнинг ёнига борамиз”, деди. Манзилга етиб борганларида уларни икки солиҳ киши кутиб олди. Улардан бири Увайм ибн Саида, яна бири Маън ибн Адий розияллоҳу анҳумо эди” (Имом Бухорий ривояти).
Халифа танлашда ансорлар вамуҳожирлар ўртасида тортишув чиққанди. Маън ибн Адий розияллоҳу анҳу таъсирли нутқ сўзлади ва одамларни тинчлантирди.
У ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида Мусайламатул Каззобга қарши олиб борилган Ямома жангида иштирок этди. Жанг қўмондони Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу уни юз кишидан иборат кичик жанговар гуруҳга бошлиқ этиб тайинлади. Бир пайт мусулмонларнинг бўғзига “пичоқ қадалгудек” бўлган пайтда бундай хитоб қилди:
Эй ансорлар! Аллоҳ учун, душманингизга қарши курашиш мақсадида чекининг! Маън розияллоҳу анҳунинг ўзи эса душман устига отилиб, қаҳрамонларча жанг қила бошлади. Ўзи бошлаган ҳужум пайтида кўпчилик аскарларни қутқарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биродар тутинтирган Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга шаҳид бўлди.
Аллоҳ ундан рози бўлсин!
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 22-сонидан