Набавий руқялар
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Қачон бир инсон бирор дардга чалинса ёки унда ярами, жароҳатми бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсаткич бармоқларини тупуклари билан ҳўллаб, сўнгра уни тупроққа теккизиб яра ёки жароҳатга суртар ва: “Бисмиллаҳ, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина (Аллоҳнинг исми ила. Еримизнинг тупроғи ва баъзимизнинг туфуги ила. У ила беморимиз шифоланиши учун. Раббимиз изни ила)”, деб дам солар эдилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлиб қолсалар, у зотга Жаброил алайҳиссалом: “Бисмиллаҳи юбрийка ва мин кулли даин юшфийка ва мин кулли шарри ҳаасидин иза ҳасад ва шарри кулли зи айнин (Сени тузатадиган ва ҳар бир дардингга шифо берадиган Аллоҳнинг номи ила, ҳар бир ҳасадчининг ҳасад қилган пайтидаги ҳасадининг ёмонлигидан ва ҳар бир кўзи борнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман)”, деб дам солар эди»(Имом Муслим ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи аҳлларига паноҳ тилар, ўнг қўллари билан силаб: “Аллоҳумма, Роббан-нааси, музҳибал баъси, ишфи, Анташ-шаафий, лаа шаафийа иллаа Анта, шифаан лаа йуғоодиру сақоман (Инсонларнинг Рабби Аллоҳим! Зиённи кетказ! Бунга шифо бер, шифо берувчи Ўзингсан! Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқ! Дард қолдирмайдиган шифо бер!)” деб айтар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
“Аллоҳумма ъафиний фий баданий, Аллоҳумма ъафиний фий самиъй, Аллоҳумма ъафиний фий басорий, лаа илаҳа илла Анта”.
Маъноси: “Аллоҳим, баданимни, қулоғимни ва кўзимни офиятда қил. Сендан ўзга илоҳ йўқ!”
“Аллоҳумма инний аъузу бика минал бароси вал жунууни вал жузоми ва мин саййи’ил асқоми”.
Маъноси: “Аллоҳим, Сенинг исминг ила песликдан, жинниликдан, моховдан ва ёмон касалликлардан паноҳ тилайман”.
“Бисмиллаҳ. Аъузу биллааҳи ва қудротиҳи мин шарри маа ажиду ва уҳаазиру”. Маъноси: “Аллоҳ ва Унинг қудрати ила ўзим сезаётган ва хавфсираётган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”.
“Аъуузу би калиматиллааҳит тааммаати мин ғозобиҳи ва ъиқообиҳи ва шарри ъибаадиҳи ва мин ҳамазаатиш шайаатийни ва ан яҳзуруун”.
Маъноси: “Аллоҳнинг тугал калималари ила Унинг ғазабидан, иқобидан, бандаларининг ёмонлигидан ва шайтонларнинг васвасаларидан ва уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман” (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 22-сонидан