Жаннатнинг қайси эшигидан кирмоқчисиз?
“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…” (Наҳл сураси, 72-оят).
Никоҳ – Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан. Инсоннинг ҳаромдан тийилиши, покиза насл қолдириши оила қуришдаги асосий мақсадлардан ҳисобланади. Шу сабабли турмуш қурадиган йигит ёки қизга ота-она, кексалар оила муқаддас қўрғон экани, сабру бардош унинг мустаҳкамлигида муҳим омиллигини тушунтиришлари керак.
Айниқса, она қизнинг тарбиясига аҳамият бериши лозим. Акс ҳолда, келин бўлиб борган жойида фарзанд тарбияси, оилавий муносабатларни эплай олмай уялиб қолиши мумкин. Ҳозирги вақтда қизларимиз ҳою ҳавасга берилиб, никоҳ ёшига етмасдан оила қуришяпти ва кўп яшай олмай ажрашиб кетяпти. Афсуски, ажримларнинг аксариятига келиннинг қайнона-қайнотанинг хизматини қилмаслиги, рўзғор ишлари малол келиши, алоҳида яшашни хоҳлаши сабаб бўляпти. Ваҳоланки, бугун келинларимиз учун барча шароитлар яратилган. Деярли ҳар бир хонадонда кирларни қурилма ювади, уйлар замонавий техникалар билан тозаланади. Айрим келинлар шароитлар яхшилангани сари нафсини жиловлай олмаяпти.
Ажримлар кўпайиб боряпти, деярли барчасида ажрашган келин пушаймон. “Қайнонам яхши эди, шунча хато қилсам ҳам, менга тушунтирар эди” ёки “Эримнинг қадрига етмабман, болага қараш, пул топиш осон эмас экан”, дея афсусланишади. Сабаби, улар қайтиб борган ота-онасининг уйида ҳам пасту баланд бор. Инсон ўз уйидагина ҳаловат топади.
“Иш билмаса ҳам, тили ширин бўлсайди”, дейди қайноналар. Тил офатлари ҳам оилаларни пароканда қиляпти. Қизларимизга сабрни, эрига, қайнона-қайнотасига итоат этиб, муомаласини гўзал қилишни ўргатишимиз лозим. Эрини менсимай муомала қиладиган, фарзандларини уриб-қарғайдиган келин билан камдан-кам қайноналар муроса қила олади. Бу феълингиз ўзингизнинг ота-онангизга, ака-укангизга ҳам ёқмаслиги аниқ. Уларнинг ҳам оиласи қайтиб келган терс феълли опа-синглиси сабаб беҳаловат бўлади. Шу сабаб ҳам оналар қизининг ёнини олиб, иссиқ уйини совутмасин.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар қайси бир аёл беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат этса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади», деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло солиҳа, эрига итоат этадиган аёлларни кўпайтирсин.
Диляра ШАРИПОВА,
Элликқалъа туман отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 11-сонидан