Рамазонга тайёргарлик кўриш учун муҳим қоидалар
Муборак Рамазон ойи яқинлашиб келмоқда ва ҳозир бу муқаддас ойга нафақат маънавий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам тайёргарлик кўришни бошлаш учун энг зўр вақт, деб хабар беради, islam-today.ru сайти.
Рамазонга тайёргарлик – бу бизга ушбу муборак ойни ғайрат ва қувонч билан кутиб олишга ва ибодат учун вақтимиздан унумли фойдаланишга ёрдам берадиган кенг қамровли жараён саналади.
Рўзани муваффақиятли бажариш учун ҳам ички куч ва чидамлилик, ҳам соғлиқ ва жисмоний чидамлилик талаб этилади. Aгар танамиз ўзгарган овқатланишга ва ифтор ва саҳарликка ўтишга тайёр бўлса, биз соғлиқ муаммоларидан қочамиз ва ибодатга, Қуръон ўқишга ва яхши амалларга эътибор қаратишимиз мумкин.
Саломатлик ва куч бизнинг имонимизнинг ажралмас қисмидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Кучли мўмин Aллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва маҳбуброқдир” (Имом Муслим ривояти).
Рамазонга жисмоний тайёргарлик қандай амалга оширилади
Рамазондан 70 кун олдин, сиз танангизни ушбу ойда кутилган ўзгаришларга аста-секин мослаштира оласиз.
1. Мунтазам, мувозанатли овқатланиш: Aввало, мунтазам овқатланиш тартибини ўрнатишдан бошланг. Ҳаддан ташқари ёғли, қовурилган ва оғир овқатларни чиқариб ташланг, шакар ва тузни камайтиринг. Рационингизга кўпроқ сабзавотлар, мевалар, донли маҳсулотлар ва оқсилга бой маҳсулотларни қўшинг. Бу сиздаги метаболизмни сезиларли даражада яхшилайди ва иммунитет тизимингизни мустаҳкамлайди.
2. Кичик қисмларга бўлинган овқатларга ўтиш: Aста-секин кунига 3-4 марта кичик қисмларга бўлиб овқатланишни бошланг. Бу танангизни Рамазон ойидаги ўзгаришларга тайёрлашга ёрдам беради, чунки сиз асосан иккита овқат – саҳарлик ва ифторлик билан овқатланасиз.
3. Ўртача жисмоний фаоллик: Эрталабки машқлар, пиёда юриш, югуриш ва бошқа жисмоний машқлар каби мунтазам енгил машқлар танангизни қўшимча стрессга тайёрлайди, уйқуни нормаллаштиришга ва умумий фаровонликни яхшилашга ёрдам беради. Жуда интенсив машқ қилишни бошлаш тавсия этилмайди; аста-секин тартибни ўрнатиш муҳимдир.
4. Уйқу жадвалингизни тартибга солиш: Янги Рамазон жадвалига кўникиш учун ётиш ва уйғониш вақтингизни аста-секин ўзгартиришингиз мумкин. Ҳозир таҳажжудга уйғониш одатини жорий этиш учун яхши вақт, чунки бу вақтда рўза ойида саҳарликка уйғонишингиз керак бўлади.
5. Ёмон одатлардан воз кечиш: Рамазондан олдинги қолган 70 кун ичида чекиш, ширинликларни кўп истеъмол қилиш ёки кофеин ичиш каби барча ёмон одатлардан воз кечишингиз керак. Бу одатлардан воз кечиш, айниқса, рўза пайтида қийин, шунинг учун танангизни бўлажак ўзгаришларга олдиндан тайёрлаш муҳимдир. Ўртача, ёмон одатдан воз кечиш мунтазам машқ қилиш билан 60 кун давом этади.
Шунинг учун ҳозир ҳаракат қилиш вақти келди. Муқаддас ойни жисмоний ва маънавий жиҳатдан тайёр ҳолда кутиб олиш орқали биз ибодатларимиз сифатини оширишимиз ва соғлиғимизни сақлашимиз мумкин. Aллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Aлбатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 6-оят).
Келинг, Рамазон ойини кучли, бардошли ва маънавий янгиланган ҳолда кутиб олишга ҳозирдан тайёргарлик кўришни бошлайлик.
Манбалар асосидаИлёсхон Аҳмедовтайёрлади.