Бани Сулайм байроқдори
Бани Сулайм бошлиғи Ҳажжож ибн Иълот бир гуруҳ қавмдошлари билан Маккага кетаётганида йўлда ғайритабиий воқеага дуч келишди. Улар кеч тушгач кимсасиз водийда дам олмоқчи бўлишди. Овлоқ жой бўлгани учун ҳамроҳлари: “Эй Абу Кулоб, биз учун ҳам, ўзинг учун ҳам жинлардан омонлик сўраб бер”, дедилар. Ҳажжож ўрнидан туриб, ҳамроҳлари атрофида айланиб, жинлар (ёмонлигидан) паноҳ сўради. Шу пайт уларнинг қулоғига: “Эй жинлар ва инсонлар жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва Ер ҳудудларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангиз, ўтиб кетаверингиз! Куч-қудратсиз (улардан) сира ўтиб кета олмагайсиз!” сўзлари чалинди (Раҳмон сураси, 33-оят). Сулаймликлар бу овоздан ҳайратга тушиб, бир-бирларига таажжубланиб қараб қолдилар.
Эртасига Ҳажжож Маккага етиб келгач, қурайшийларга йўлдаги воқеани айтиб берди. Улар унинг гапидан энсалари қотиб: “Аллоҳга қасамки, эй Абу Кулоб, Муҳаммад ҳам ўзига ваҳий тушаётганини даъво қилмоқда”, дейишди. Ҳажжож эса қатъият билан: “Аллоҳга қасам, мен ўз қулоғим билан эшитдим, ҳамроҳларим ҳам”, деди. Бироқ қурайшийлар унга эътибор қилишмади. Ҳажжожнинг жаҳли чиқиб: “Муҳаммад қаерда?” деб сўради. Улар Мадинада, дейишди. У тезда йўлга чиқиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига етиб борди. У зотга учраб: “Аллоҳга қасам, мен ҳақ сўзларни эшитдим. Бу Раббим сўзлари, эй Аллоҳнинг Расули”, деб шаҳодат калимасини келтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ҳақ сўзларни эшитибсан”, дедилар.
Ҳажжож: “Мен Ислом йўлида нима қилай?” деди. У зот: “Қавминг олдига қайтиб, уларни ҳақ динга даъват қил”, дедилар. Ҳажжож ибн Иълот Расули акрам билан Хайбар ғазотида қатнашди. Жангдан кейин у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Расулуллоҳ, молим аёлимда қолган. Агар хотиним менинг Исломга кирганимни билса, ундан бирор ҳисса ҳам ололмайман. Рухсат беринг, уларни олиб келай”, деди. Набий алайҳиссалом унга рухсат бердилар. Ҳажжож эса: “Ё Расулуллоҳ, молимни олиш учун бирор ҳийла қилсам бўладими?” деди. У зот табассум билан: “Нимани хоҳласанг, шуни айт”, дедилар.
Ислом динида ёлғон сўзлаш ман этилган бўлса-да, душманга қарши жангда баъзан ҳийла ишлатишга рухсат бор. Чунки жангнинг ўзи ҳийла ва айёрликни моҳирона қўллай олишдан иборат.
Ҳажжож Маккага борди. Қурайшликлар уни кўрган заҳоти атрофига йиғилиб: “Эй Ҳажжож, Муҳаммад ҳақида нимани эшитдинг?” деб сўрашди. Ҳажжож уларни хурсанд қилиш учун: “Муҳаммад ва саҳобалари Хайбарда мағлуб бўлди! Ўзи асир олинди. Унга қарши катта қўшин чиқди ва улар тор-мор қилинди”, деди. Қурайшликлар қувончдан қийқириб: “Маккага келтирилса, уни ўзимиз қатл қиламиз”, дейишди. Ҳажжож муддаога ўтиб уларга: “Молимни қарздорларимдан тўплашимга ёрдам беринг. Савдогарлар Хайбарга мендан олдин боришмасдан етиб, Муҳаммаддан ўч олишни истайман”, деди. Қурайшликлар унга ишониб, молини йиғиб беришди.
Бу хабарни эшитган Аббос ибн Абдулмутталибнинг ўрнидан туришга мажолиетмади. У “Наҳотки, Муҳаммад мағлуб бўлган бўлса?” дея ғуломини Ҳажжожнинг олдига жўнатди. Ҳажжож уч кун сир сақлашини тайинлаб бундай деди: “Мен мусулмон бўлдим, борбудим хотинимда. Одамларнинг менга берадиган қарзи бор. Исломга кирганимни билишса, ҳақимни бермай қўйишади. Эшитганларинг тўғри эмас, Набий алайҳиссалом Хайбарни фатҳ этдилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳига отланганларида Ҳажжож ибн Иълот ва сулаймлик Ирбоз ибн Сорийянни Мадинага чақирдилар. Макка фатҳи тарихий кун бўлди. Ҳар бир қабила ўз байроғи остида Маккага кириб борди. Ҳажжож Макка фатҳида қатнашди ва қавмининг байроқдори бўлди. У ғурур ва шукроналик билан: “Аллоҳга ҳамд бўлсин, мен Ислом йўлида қавмимнинг байроғини кўтариб турибман”, деди.
Ҳажжож ибн Иълот бошчилигидаги қавм олтин конларига эгалик қиларди. Улар Исломга киргач, бу бойлик дин йўлида хизмат қилди. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи бўлиб конлардан олтин ва мол юборган киши Ҳажжождир.
Ҳажжож ибн Иълот Мадинада яшади ва у ерда ўз номи билан аталган ҳовлижой ва масжид қурдирди. Шу орқали у шаҳар аҳолиси орасида ҳурматэътибор топди. Кейинчалик у Ҳимс шаҳрига кўчиб бориб яшади. Муовия ибн Абу Суфён халифалиги даврида унинг ўғли Абдуллоҳ ҳам давлат ишларига тайинланди.
Ҳажжож ибн Иълот фақат бой ва заковатли саҳобийгина эмас, балки шоирлиги билан ҳам танилган эди. Аммо унинг шеърлари алоҳида тўплам эмас, балки парчапарча ҳолида китобларда келтирилган.
Ҳажжож шеърга ошуфта хонадонда тарбия топган эди. Унинг Кулоб ва Солиҳ деган укалари ҳам шоир бўлган. Машҳур шоир Ҳассон ибн Собит ўзининг бир қасидасида Солиҳни тилга олиб ўтади. Ҳажжож ибн Иълотнинг насл-насаби орасида шеър ёзиши билан танилган машҳур кишилар кўп.
Ҳажжож ибн Иълот Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалиги даврида вафот этди.
Ҳайдархон БОЛТАБОЕВ,
Тошкентдаги “Абу Сахий” жоме масжиди имом ноиби (Б.Эралиев уюштирди.)
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил, 11-сонидан