Фирибгарлар тузоғи
Замонамиз қиёфаси жадал суръатда ўзгариб бормоқда. Бугун интернет тармоғи кириб бормаган хонадон қолмади ҳисоб. Бу эса одамларга кўплаб қулайликларни вужудга келтирмоқда. Аммо афсуски, бу енгилликлар ортидан ўз фойдасини кўзловчи, ўзгаларга ҳар жиҳатдан зарар етказувчилар ҳам йўқ эмас. Ана шундайлардан бири интернет фирибгарларидир.
“Янги Ўзбекистон” газетаси сайтининг 2025 йил 30 май кунги маълумотига кўра, сўнгги беш йилда мамлакатимизда кибержиноятлар орқали 1,9 трлн сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинган. Улардан 60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар орқали, 16 фоизи СМС-кодларни алдов йўли билан қўлга киритиш орқали, 4 фоизи онлайн кредит расмийлаштириш орқали, 11 фоизи онлайн савдо фирибгарликлари орқали ва 9 фоизи бошқа усулларда амалга оширилган.
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “Иҳё улумиддин” асарида бундай деганлар: “Ақл – Аллоҳ таоло бандасига берган энг улуғ неъматдир. Уни ишлатмаган киши, неъматнинг қадрига етмаган бўлади”.
Дарҳақиқат, инсон ақлини, фаҳму фаросатини ишлатиб, ўзини турли хавф-хатарлардан асраши керак. Афсус, баъзи инсонлар ишонувчанлик ёки бефарқлик сабаб киберфирибгарлар домига илиниб қолмоқда. Шунинг учун ҳар биримиз ахборот хавфсизлиги қоидаларини билиб, ўзимизни ҳам, атрофдагиларни ҳам огоҳ этишимиз лозим. Кишилар шахсий маълумотларини, ҳисоб рақамларини учинчи шахсларга ошкор этмаслиги, шубҳали ҳаволаларни очмаслиги лозим.
Киберфирибгарлар кўпинча сохта веб-сайтлар ёки зарарли дастурлар орқали одамларни алдайдилар. Масалан, “Ҳисобингиз тўхтатилди”, “Тўловни тасдиқланг”, “Сиз соврин ютдингиз” каби хабарлардаги ҳаволалар орқали қурилмага вирус тушиши ёки шахсий маълумотлар ўғирланиши мумкин.
Шунингдек, “Кодни бу ҳаволага киритинг”, “Тўловни қайта юборинг”, “Пул келди – тасдиқланг” каби СМС-хабарлар орқали фирибгарлар бир марталик СМС-кодларни қўлга киритишга уринади. Бу эса банк ҳисобингиздаги маблағнинг йўқолишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, шубҳали ҳаволаларни очманг, фақат расмий сайт ёки илова орқали киринг. Ҳеч кимга СМС-код, парол ёки карта маълумотларингизни айтманг. Телефон орқали ўзини “банк ходими” деб таништирганларга ҳам ишонманг.
Мўмин киши фақат ибодатда эмас, балки ахборот майдонида ҳам масъулиятли бўлиши шарт. Зеро, ҳар бир амалимиз, ҳар бир сўзимиз ва ҳатто интернетдаги изларимиз учун ҳам жавоб берамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай огоҳлантиради: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”(Исро сураси, 36-оят).
Шундай экан, ҳар ишда зийраклик, эътиборли бўлиш талаб этилади. Аллоҳ таоло барчамизни фирибгарлик ва алдовдан асрасин!
Абдулазиз АЗИЗОВ
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил, 22-сонидан