Ота рози бўлса…
Она фарзандни дунёга келтирганидан кейин уни тарбиялаб вояга етказишу оилани таъминлашда отанинг ўз ўрни бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхшилик қилишда ота-онани биргаликда зикр қилди.
Оталар фарзандлари учун бор меҳрини аямайди, кўнгли нимани тусаса, бажо келтиради. Аммо у кексайиб, рўзғорни ўғлига топширса, унинг уйда бор-йўқлиги деярли билинмай, ўзи билан ўзи бўлиб қолади. Баъзи фарзандлар унинг иссиқ-совуғидан хабар ҳам олмайди. Ҳатто нафақасига кўз тикаётганларнинг борлиги ачинарли. Энг ёмони, ўзини катта олиб падарига гап қайтариб, “Сиз менга нима қилиб бердингиз?” дея отасини ранжитаётган ноқобил фарзандлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, умр йўлдоши оламдан ўтган нуронийнинг фарзандлари уни қийналаётганини кўрса-да сўққабош ўтишга мажбурлайди. Ҳаётда ота фарзандига ҳеч қачон ўлим тиламайди, амма баъзилар падара кексайиб ўзини эплолмай қолса, малолланиб тезроқ ўлсайди, дея ният қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Бугун бир коса овқатимни бериб турсанг бўлди, деб дарди ичида яшаётган оталар қанча.
Яқинда кекса ён қўшнимизнинг уйидаги бир воқеа мени таажжубга солди. Иккаламиз унинг дарвозаси ёнида суҳбатлашиб турган эдик, тўсатдан ўғли келиб қолди. На салом, на олик бор. Бирдан: “Эй ота, қачон қарзингизни берасиз”, деб дўқ қилди. Мен унинг муомаласидан ҳайратланиб қолдим. Қўшни ҳам изза бўлиб нима дейишини билмай, “бераман, бераман” дейишдан нарига ўтолмади. Наҳот ўғил отасига қарз берса, унинг бор-буди ҳатто ўзи ҳам отаники эмасми?! Бу муомаласи билан у оқпадар бўлмадимикин?!
Динимиз ота-онани ҳурматлаб улуғлашни буюради. Пайғамбарлар қиссаси орқали намуналар кўрсатиб, кишиларга ўгит беради.
Хусусан, Қуръони каримда келтирилган Иброҳим алайҳиссалом билан отаси Озорнинг суҳбатига назар солган киши ундан кўплаб манфаатлар олади. У зотнинг отаси мушрик бўлса-да, падарини айблаб дилини оғритмади. Ўзига нубувват келгач, отасини меҳр ва мулойимлик ила ҳидоят ва иймонга чорлади. Биринчи хитобда кўрмайдиган ва эшитмайдиган бут-санамга сиғинмасликдан қайтариб, унга қаттиқ гапирмади. Балки бағоят юмшоқлик ва камоли эҳтиром ва лутф ила ҳидоят ва иймон йўлини мойил қилиш учун оталик ҳурматини поймол қилмади. Бор-йўғи бут-санамга ибодат ақлли кишининг иши эмас, деб огоҳлантирди. Иккинчи хитобда: “Сизга келмаган илм менга келди. Менга эргашинг, сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан”, деб Аллоҳни танитмоқчи эканини изҳор этди. Учинчи хитобида бут-санамга ибодат шайтонга эргашиш, унга эргашиш эса Раҳмонга осий бўлиш эканини тушунтирди. Тўртинчи хитобда сизга Раҳмон азоби етишидан қўрқаман, дея шайтон дўст бўлиб қолишидан огоҳлантирди. Ал-Фахр Розий ўзининг “Тафсир ул-кабир” китобида Иброҳим алайҳиссалом отасини даъват қилаётиб ҳар бир “йа абати” деган нидосида падарини қаттиқ яхши кўришини ва иқоб-жазодан ҳимоя қилмоқчи эканини ва уни тўғри йўлга йўлламоқчи эканини билдирди. У буни оталик ҳақини адо этиш учун унинг фойдасини кўзлаб бу сўзларни гапирди. Бироқ жоҳил ота ўғлининг бу хитобларини қўполлик билан қарши олиб ҳатто ўғлини ўзига душман деб билди. Ҳатто Иброҳим алайҳиссалом “Эй отажон”, деганда отаси Озор “Эй ўғлим”, демай, “Эй Иброҳим” деди. Бу билан у ўғлини ўзидан узоқлаштирди. Худди душманидек ўз ўғлига “Агар олиҳаларимни ҳақоратлаб айблашдан тийилмасанг, сени тошбўрон қиламан”, деб таҳдид қилди. Шунда ҳам Иброҳим алайҳиссалом отасининг ҳурматини жойига қўйиб, эҳтиром кўрсатди. Иброҳим алайҳиссалом отасини ва қавмини тарк этганларида, Аллоҳ унга пок ва маъсум зурриётларни ато этди, насл-насабидан улуғ пайғамбарларни чиқарди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хузурларига келиб, “Мени молим ва фарзандим бор. Отам молимдан фойдаланишни ирода қилмоқда”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Сен ҳам, молинг ҳам отангникидир”, дедилар.
Ҳадисдан отанинг фарзанд олдида даражаси қанчалик улуғлиги баён қилинмоқда. Бундан ота ўз фарзанди молидан розилик сўрамай бемалол фойдаланиш мумкинлиги тушунилмайди. Балки ота фақир, муҳтож бўлса, ўғилнинг молидан эҳтиёжга қараб олиши жоизлиги англашилади. Агар ўғилнинг моли бўлмаса ва ишлашга қодир бўлса, у ҳолда фарзанд ишлаб отасига нафақа қилиши вожиб бўлади.
Халқимизда “Ота рози – Худо рози”, деган мақол бежиз айтилмаган. Чунки ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота жаннатнинг ўрта эшикларидан. Хоҳласанг, уни очиб кириб ол, хоҳласанг, зое қил, яъни юзингга қарши ёпиб ол”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Каъбул Аҳбордан ривоят қилинади: «Луқмони ҳаким ўғлига: “Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилибди. Ким ота-онасини норози қилса, Раҳмонни норози қилибди. Эй болам, ота-она жаннат эшикларидан биридир. Агар рози бўлсалар, Жаббор сари борасан. Агар аччиқлари чиқса, маҳрум бўласан”, деб насиҳат қилган.
Бугун оталаримиз ҳаёт бўлса, уларни ғанимат билиб, дуоларини олиб жаннатни ўзимизга тайин қилиб қолайлик. Илло, улар бу дунёни тарк этса, бунинг иложи йўқ.
Манбалар асосида
Бобомурод ЭРАЛИ тайёрлади.