Инсон қадри – улуғ, хотираси – муқаддас
Бухородаги Мир Араб мадрасасида узоқ йиллар фидокорона хизмат қилган инсонлар орасида устоз Одилжон қори аканинг номи алоҳида эҳтиром билан тилга олинади. У зот Қуръони каримни ёд олган, унинг маъно ва мазмунларига муҳаббат ва эҳтиёткорлик билан ёндашган уламолардан эди.
1993 йил устоз ва биз – толиби илмлар учун унутилмас давр бўлди. Яъни мадрасада устоз Одилжон қори ака бир гуруҳ иқтидорли талабаларни саралаб, Қуръони каримни хатм этишга ундади. Шу билан ҳар бир талабага маълум жузлар тақсимланди.
Рамазон ойида барча меҳнатларимиз ўз самарасини берди. Ҳар бир талаба чекига тушган жузни ёддан қироат қилиб, мадрасада ва кейинчалик Бухоро шаҳри масжидларида Қуръони карим хатм қилинди. Бу ҳолат талабалар учун нафақат қироат машқи, балки руҳий тарбия, масъулият ва Қуръонга муҳаббатнинг амалдаги намунаси бўлди.
Одилжон қори ака дарс беришда фақат илмий, балки тарбиявий жиҳатдан ҳам намуна эди. Шунингдек, устозимиз талабаларга меҳр ва ғамхўрлик билан муносабатда бўларди. Шогирдларининг ҳолидан тез-тез хабар олар, уларнинг қалбида жойлашган шижоатни қўллаб-қувватларди. Қуръонни ўргатиш билан бирга, уни ҳаётда қўллаш, унинг ахлоқини ҳаёт тарзига айлантиришни ҳам кўп маротаба таъкидлаган. Шу боисдан ҳам бугун устознинг динимиз йўлидаги хизматлари, ёшлар қалбига эккан Қуръон уруғлари ҳануз мева бермоқда.
Аллоҳ таоло устозимизни раҳмат қилсин, динимиз йўлида қилган барча эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачонки одам боласи вафот этса, амали кесилади. Илло, уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, дедилар» (Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган).
Устозимиз Одилжон қори ака ўз ҳаёти мисолида айни шу ҳадиснинг амалда ҳақиқатлигини исботлаб кетди.
Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ,
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 22-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws