Ҳадиси қудсий билан ҳадиси набавий ўртасидаги фарқлар
Ҳадиси қудсий билан ҳадиси набавий ўртасида қуйидаги фарқларни кўришимиз мумкин:
Таърифдаги фарқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилган ҳар бир очиқ-ойдин сўзлари ҳадиси қудсийдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари, феъллари, тақрирлари (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор саҳобанинг айтган сўзи ёки қилган ишини инкор қилмай, сукут қилишларига тақрир дейилади. Тақрир марфуъ ҳадиснинг бир тури бўлиб, шаръий ҳужжат ҳисобланади), халқий (тана тузилишлари) ва хулқий сифатлари мажмуига ҳадиси набавий дейилади. Демак, ҳадиси қудсий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига хос.
Нисбатдаги фарқ. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлади. Ҳадиси набавийда лафз ҳам, маъно ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишлидир. Нисбатда ҳам шундай бўлади.
Мавзу эътиборидан фарқи. Ҳадиси қудсийларда кўпроқ фазилатлар баён қилинади. Ҳадиси набавийнинг мавзулари жуда кенг бўлиб, шаръий мавзуларнинг ҳаммасини қамраб олади.
Сийға жиҳатидан фарқи. Кўп ҳолларда ҳадиси қудсийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят ёки ҳикоя қиладилар. Ҳадиси набавийда эса бундай ҳолатни кузатмаймиз. Ҳадиси набавийлар деярли барча ҳолатда тўғридан-тўғри “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар” деб ривоят қилинади.
Мартаба жиҳатидан фарқи. Ҳадиси қудсий ҳадиси набавий сирасига кирса-да, мартабада бир поғона юқори туради.
Даражадаги фарқ. Қудсий ҳадисларнинг барчаси оҳоддир. Набавий ҳадисларда эса оҳод, лафзий ва маънавий мутавотирлари мавжуд.
Ададдаги фарқ. Ҳадиси қудсийларнинг сони ҳадиси набавийларга қараганда жуда кам.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан