Адолат
Истанбулни фатҳ этган Фотиҳ султон барча маҳбусларни озод қилди. Фақат зиндондаги икки руҳоний чиқишни истамади. Улар Византия императори халққа зулм қилганида адолат талаб қилганлари учун ҳибсга олинган, шунда озодликка чиқмасликка онт ичгандилар. Хабар Фотиҳ султонга етиб келгач, аскарларга руҳонийларни олиб келиш амри берилди. Маҳбуслар келиб, адолатсиз бу дунёда озод бўлишдан ҳеч қандай маъно йўқ, дейишди. Султон уларга бундай таклиф берди:
– Сизлар Ислом адолати татбиқ этилган ўлкаларни кезинг. Агар у ерларда адолатсизлик ҳукм сураётганини кўрсангиз, буни менга етказинг. Шундагина қарорингиз тўғрилигига ишонаман.
Таклиф руҳонийларга маъқул келди. Улар Ислом ўлкаларига саёҳатга чиқишди. Дастлаб, Бурсага боришди. У ерда шундай воқеага гувоҳ бўлишди: мусулмон яҳудийдан от сотиб олди. Фақат ҳеч бир айби йўқ, деб сотилган от касал бўлиб чиқди. Буни биринчи кечадаёқ англаган мусулмон тонг отишини сабрсизлик билан кутди. Тонгда қозининг ҳузурига борди. Фақат, у борганида қози ҳали маҳкамага келмаган эди. Бироз кутди, қози келмагач, одам уйига қайтди. Ўша кеча от ўлиб қолди.
Бўлган воқеадан кейинроқ хабар топган қози мусулмонни ҳузурига чақириб, бундай ҳукм қилди:
– Келганингизда маҳкамада бўлсам, отни эгасига қайтарар, пулингизни олиб берардим. Мен мақомимда бўлмаганим учун зиён кўрдингиз. Шу сабаб зарарингизни мен тўлаб бераман, – деди ва мусулмонга ҳақини берди.
Ислом адолатини кўрган руҳонийлар бармоқларини тишлашди. Кейин Изникка боришди. У ерда эса бундай ҳолатга гувоҳ бўлишди: “Бир мусулмон экин майдони сотиб олиб, уни ҳайдаганида кўза тўла олтин топиб олди. Деҳқон ҳеч иккиланмасдан олтинни майдоннинг эски эгасига олиб бориб деди:
– Биродар, сендан сотиб олган экин майдонидан тилла чиқди. Агар тилла борлигини билсанг, уни арзон-гаровга менга сотмасдинг. Ол, буларни… Майдоннинг эски эгаси эътироз билдирди:
– Биродар, майдонни ичидаги нарсалари билан бирга сотдим. У ердан чиққан тиллани олишга асло ҳақим йўқ… Икковлон келиша олмагач, қозининг ҳузурига бориб, вазиятни билдиришди.
Қози улардан фарзандлари бор-йўқлигини сўради. Бирининг ўғли, бирининг эса қизи борлигини билгач, фарзандларини никоҳлаб, топилмани уларга берди.
Шундан кейин руҳонийлар ортиқча кезишни лозим топмай, Истанбулга қайтишди ва воқеаларни султонга айтиб беришди:
– Бизлар бу қадар адолат ва ўзганинг ҳақига ҳурмат фақат Ислом динида борлигига ишонч ҳосил қилдик. Бундай диннинг солиқларида ҳам асло бошқаларга зулм қилинмайди. Шундай экан, зиндонда қолиш фикримиздан қайтдик.
Нигора АБДУМУХТОР қизи тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 11-сонидан