Раҳбарлик фахр эмас, масъулият!
Ҳар бир инсон қайсидир маънода раҳбар ҳисобланади. Чунки унинг зиммасига масъулият юкланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Ҳар бирингиз мутасаддисиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис ҳар бир эркак, ҳар бир ота, ҳар бир мутасаддининг бурчи ва масъулиятини гўзал тарзда баён қилади. Исломда раҳбарлик – фахр эмас, балки жавобгарлик. Аллоҳ таоло Қуръонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳбарлик сифатларини бундай баён қилади: «Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар» (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Демак, раҳбарликнинг бош хусусияти – ҳалимлик ва адолатдир.
Раҳбарга қўйиладиган талаблар:
Адолат ва инсоф. Адолат – раҳбарликнинг асосий таянчи. Адолат бўлмаган жойда аҳиллик ҳам, барака ҳам йўқолади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар» (Нисо сураси, 58-оят). Эркак кишининг оила соҳиби сифатидаги адолати – хотини ва фарзандларининг ҳақларига риоя қилиши ва уларга тенг муносабатда бўлишидир.
Ҳалимлик ва хушмуомалалик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, оятда таърифланганидек, инсонларга фақат мулойимлик билан муомала қилдилар. Шунинг учун ҳар бир раҳбар қўл остидагиларга ширин сўзли, меҳрибон бўлиши, бақириб-чақирмаслиги лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Мулойимлик (юмшоқлик) нимада бўлса, уни зийнатлайди, нимадан олиб қўйилса, уни нуқсонли қилади” (Имом Муслим ривояти).
Масъулият ҳисси. Раҳбар – омонат соҳибидир. Нафақат ишда, балки оилада ҳам. Ота фарзандининг иймони, ахлоқи ва моддий таъминотига масъул. Бу Аллоҳдан қўрқиб, таваккул ва ҳақиқатга суяниб иш тутмоқни тақозо этади.
Кечирим ва сабр. Раҳбар хато қилган кишини жазолашга шошилмаслиги керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг хатоларини кечирдилар, чунки кечирим инсон қалбини яқинлаштиради. Оилада эркак сабр қилса, аҳлларининг камчиликларига кўз юмса, уйи фароғат қасрига айланади. Маслаҳат билан иш кўриш. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга буюради: «Бас, …улар билан кенгашиб иш қилинг!» (Оли Имрон сураси, 159-оятнинг давоми).
Эр-хотин баъзи ишларни бамаслаҳат бажарса, оила мустаҳкам бўлади. Ишхонада эса раҳбар ходимларнинг фикрини эшитса, жамоада бирлик, бошлиққа нисбатан ишонч ва садоқат зиёда бўлади.
Шукр ва қаноат. Раҳбар фақат талабчан эмас, балки миннатдор ҳам бўлиши лозим. Шукр қилган раҳбарнинг жамоасида барака бўлади. Ояти каримадаги: “Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” сўзлари бунинг тасдиғидир. Қўпол раҳбар одамларда итоат эмас, нафрат пайдо қилади. Аммо юмшоқфеъл, одобли, инсофли раҳбарнинг атрофидан ҳеч ким тарқалмайди, чунки муҳаббат қалбларни боғлайди.
Донолар айтади: “Оилани ҳам, жамоани ҳам меҳр билан бошқаринг, гапингизда раҳмат, қарорингизда адолат, қалбингизда таваккул бўлсин”. Хулоса қилиб айтганда, ҳақиқий раҳбарлик қўполликка эмас, меҳр ва адолатга суянади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидан сабоқ чиқарсак, юмшоқ сўз, адолатли қарор ва кечиримли қалб – раҳбарлик фазилатларидандир.
Зуҳриддин ОХУНОВ,
Қувасой шаҳар “Ислом” жоме масжиди имом ноиби
”Ислом нури” газетасининг 2025 йил 23-сониданhttp://hidoyatuz.taplink.ws