Пинҳона душман
Ялқовлик – инсонни секин-аста ҳалокат сари етаклайдиган, қалбдаги ғайратни сўндирадиган ва орзу мақсадларини пучга чиқарадиган пинҳона душман. У одамнинг иродасини сустлаштиради ва ҳаёти мазмунига таъсир қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур”(Нажм сураси, 39-оят).
Ушбу ояти каримада инсонга меҳнат қилиш, ҳаракатда бўлиш уқтирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам меҳнатнинг улуғ фазилат эканини таъкидлаб, бундай деганлар: “Ҳеч ким ҳеч қачон ўз қўли меҳнати билан топганидан яхшироқ таом еган эмас” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, меҳнат қилиш, ҳалол ризқ топиш ҳамда фаровон ҳаёт кечириш мусулмонга хос одатдир. Боиси, меҳнат фақат молу дунё манбаи эмас, балки руҳни покловчи, иродани мустаҳкамловчи тарбия воситаси ҳамдир.
Демак, киши ҳамиша ҳаракатда бўлиши лозим. Бу олтин қоида илм аҳли учун ҳам муҳимдир. Олим ялқовлик қилса, бу жамият учун катта хатар ҳисобланади. Чунки илм сўнса, миллат ҳам сўнади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм – инсонни шарафга етказувчи нур” деб таърифлаганлар. Шунинг учун ҳар бир мўмин киши доимо илм ўрганиши, вақтини қадрлаши ва уни самарали ўтказиши лозим. Чунки вақт – бебаҳо неъмат. Вақтни бекор ўтказиш эса ҳаётнинг бир бўлагини йўқотиш билан баробар. Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай одам бой-бадавлат, элу юрт олдида ҳурмату эъзозга сазовор бўлади. Шу боис халқимиз: “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”, деб бежиз айтмаган.
Меҳнатни севадиган, вақтини қадрлайдиган ва илм излашдан чарчамайдиган инсон ҳақиқий саодатманддир. Бундай одамни Аллоҳ таоло ҳам хуш кўради, уни қўллаб-қувватлайди.
Хулоса қилиб айтганда, ялқовлик – инсоннинг ички душмани. Меҳнат эса шараф ва саодат сари етаклайди. Шунинг учун ҳар бир мўмин вақтини мазмунли ўтказиб, меҳнатни ҳаёт шиорига айлантириши керак.
Алимардон КАРОМАТОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби
”Ислом нури” газетасининг 2025 йил 23-сонидан