Имом ким учун ишлайди?
– Сизнингча, имомнинг жамиятдаги асосий вазифаси нима?
– Жамиятда имомнинг вазифалари жуда кўп. У нафақат динимиз арконларини аҳолига етказиши ёки диний маросимларни ўтказиши, балки халқнинг маънавий устози, маслаҳатчиси ва йўл-йўриқ кўрсатувчиси ҳисобланади. У инсонлар ўртасида тотувлик ва бирдамликни таъминлаш ва ёш авлодга диний, миллий қадриятларимизни сингдириш каби бир қанча йўналишларда иш олиб бориши лозим.
– Устозларингиздан олган ёддан чиқмайдиган сабоғингиз. – Талабаликда бир устозимиз: “Намунали имом қандай бўлади?” деб сўраб қолди. Кўпчилик: “Жамоатда ҳурмат-иззат орттиргани”, деб жавоб берди. Шунда у киши: “Ҳаммага бирдек яхши кўриниш иложсиз. Сиз одамларга яхши кўриниш учун эмас, балки холис Аллоҳ учун ишланг. Шунда Аллоҳ сизларни ҳаммага яхши кўрсатиб қўяди”, деди.
– Фаолиятингизда сизга куч-ғайрат бағишловчи амал қайси?
– Намоз ва дуо. Намоз орқали мен Аллоҳ билан мустақим алоқа қураман, У Зотга яқинлашаман ва руҳий таскин топаман. Дуода Аллоҳдан раҳмат ва ҳидоят сўраш, жамиятимиз учун яхшилик тилаш менга куч ва масъулият ҳиссини беради.
– Имомнинг сўзи фақат масжиддагина эмас, балки бутун жамият ҳаётида ҳам акс этиши учун нималар қилиш керак?
– Имом жамият билан доимий мулоқотда бўлиши, фақат диний маросимларда эмас, балки турли жамоатчилик тадбирларида, таълим жараёнлари ҳамда ижтимоий соҳаларда фаол бўлиши керак.
– Бугун жамиятнинг маънавий ҳаётида ўзгартириш керак бўлган жиҳатлар қайси?
– Жамиятда инсонийлик, ҳурмат ва раҳм-шафқатни тиклаш, динни тўғри тушунтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни рағбатлантириш зарур. Бунинг учун барча бир ёқадан бош чиқариши керак.
– Ҳаётимизда кексалар билан ёшлар ўртасидаги маънавий кўприкни мустаҳкамлашда имомнинг роли қандай?
– Имом кексаларнинг ҳаётий тажрибаси ва маънавий бойликларини ёшларга етказишда йўлбошчи бўлиш керак. Бу орқали ёшлар ўз тарихи, урф-одатлари ва диний қадриятларини яхши англаб, шу асосда ҳаёт кечиради.
Ҳусниддин САДРИДДИНОВ
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 11-сонидан