Асалари ҳам ухлайди
Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилинади: “Ердаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки, (улар ҳам) сизлар каби умматлар бўлмасалар. Китобда (Лавҳул Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз. Сўнгра (ҳамма умматлар) Парвардигорлари (ҳузури)га жамланурлар”(Анъом сураси, 38-оят).
Нобель мукофоти соҳиби Карл Фон Фриш 1950 йилда асалариларнинг рақс орқали мулоқот қилиш сирини очган ва бундай деган: “Асаларилар ҳаёти сеҳрли чуқур қудуққа ўхшайди — ундан қанча сув олсангиз ҳам, яна тўлади ва тошиб чиқади”.
Илмий изланувчи журналист Алекс Райли тадқиқотида бундай ёзади:
“Инсон гапириш ва ёзиш орқали мулоқот қилади, асаларилар эса рақс орқали бир-бирларига хабар етказади. Улар таналарини маълум вақт давомида ўнгга ва чапга ҳаракатлантириб, гул шираси ёки чаңгларини топиш мумкин бўлган энг яхши йўналишни кўрсатишади. Уларнинг ҳаёти фақат меҳнат билан чегараланмаган, балки улар чарчоқ сабабли ухлайди. Бу асалариларнинг узоқ муддатли хотирасини шакллантиришга ёрдам беради. Инсонларда уйқу ва уйғонишни бошқарувчи кунлик ритм (биологик соат) бўлгани каби, асалариларда ҳам шундай табиий тизим мавжуд. Улар ҳам кунигa тахминан бешдан саккиз соатгача ухлайди”.
Олим Вальтер Кайзер ҳам асаларилар ҳақиқатан ҳам ухлашини қайд этган. Унинг таъкидича асалари ухлашдан олдин оёқларини букади, бошини ерга эгади ва унинг мўйлари ҳаракатсиз бўлиб қолади. Баъзан улар чап-ўнгга енгил чайқалиб туради — гўё чарчоқдан тўлиқ хасталангандай, ҳаттоки маст одамга ўхшайди. Кўп ҳолларда асаларилар ухлаётганда бир-бирининг оёқларидан ушлаб ухлашади — бу уларнинг хавфсиз ва тинч ҳолатини таъминлайди.
Олимлар асаларилар нима учун ухлашини яхшироқ тушуниш учун уларни тун бўйи уйғоқ ҳолда сақлаб кўришди. Натижада уйқудан маҳрум бўлган асаларилар мулоқотда қийналди. Одатда аниқ ҳаракатлар билан бажарадиган рақс ҳаракатлари ноаниқ, беэътибор бўлиб қолди. Улар бошқа асалариларга гул шираси топилган йўналишни тўғри кўрсата олмади.
Демак, уйқусиз асаларилар ўз вазифасини бажара олмайди, хотирасини ва мулоқот қобилиятини йўқотади. Бундан ташқари, ухламаган асаларилар гуллар ўсадиган ҳудудларга бориб келганидан сўнг ўз уяларига қайтишда қийналади. Улар йўлда кўп вақт сарфлаб, йўналишини қайта-қайта ўзгартиришига тўғри келади.
Исохон АҲМЕДОВтайёрлади.