Қут-баракали ва хавфсиз жой
«Эсланг, Байтни одамларга қайта-қайта бориладиган хавфсиз жой қилдик. “Иброҳим мақоми”ни намоз ўқиш жойи қилингиз дедик! Иброҳим билан Исмоилга: “Тавоф, эътикоф ва руку-сужуд қилувчилар учун Байтимни пок тутинглар!” деб буюрдик» (Бақара сураси, 125-оят).
“Байт” – Байтул Ҳарам, Каъбатуллоҳдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Байтга бир марта келган киши яна унга қайтишни орзу қилади. Чунки Иброҳим алайҳиссалом: “Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга (Исмоил ва унинг онаси Ҳожарга) майл қилдир…” деб дуо қилган”. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳар йили қайтиб келинадиган жой”, деб тафсир қилган.
“Хавфсиз жой”. Байтул Ҳарам жоҳилият даврида ҳам унга кирган киши учун бехатар бўлган. Макка аҳлидан у ерда отасининг ёки акасининг қотилини кўрса, у (қотил) Ҳарамдан чиқмагунича унга тегмас ва ёмонлик қилмас эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар ўзларининг атрофларидаги одамлар қирғинга учраб турган бир пайтда, Биз (Маккани) осойишта ҳарам қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?!” (Анкабут сураси, 67-оят).
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва бошқа фақиҳлар шу оятни Байтуллоҳга кирган жиноятчини ундан чиқмаса, жазолаб бўлмасликка далил қилганлар. Хавфсизлик ва омонликдан Ҳарам ҳудудидаги ҳайвонлар, ўсимликлар ва ҳашаротлар ҳам баҳраманддир. Яъни у ҳудуддаги жонзотлар ўлдирилмайди, ўсимликлар синдирилмайди, пайҳон қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Бу Макка шаҳрини Аллоҳ таоло осмонлару Ерни яратган куни(дан бошлаб) ҳаром қилган. Шунинг учун у қиёмат кунигача ҳаромдир. Унинг ўт-ўлани юлинмайди, дарахтлари кесилмайди, ҳайвони чўчитилмайди (овланмайди) ва йўқолган нарсани фақат эълон қилувчи томонидангина олиниши ҳалол бўлади…” (Имом Табароний ривояти).
“Иброҳим мақоми” – Иброҳим алайҳиссалом оёқларининг изи тушган тош.
“Намоз ўқиш жойи қилинг!” Мақоми Иброҳимда намоз ўқиш мустаҳабдир.
Хабарда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳунинг қўлидан тутиб: “Мана шу Иброҳим мақоми”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Уни намоз ўқиш жойи қилиб олсак бўлмайдими?” деди. У зот: “Бу менга амр қилинмаган”, дедилар.
Қуёш ботиб улгурмасидан мазкур оят нозил бўлди. «Иброҳим билан Исмоилга: “Тавоф, эътикоф ва руку-сужуд қилувчилар учун Байтимни поклангиз!” деб буюрдик». Яъни уни бандаларим ибодат қилишлари учун бут-санамлардан, нопок-нажосатлардан ва ҳар қандай ёмон нарсалардан пок тутинглар.
“Тафсири Қуртубий”, “Мафотиҳул ғайб” ва “Тафсири Насафий” асарлари асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws