Аллоҳнинг гўзал исмлари ила дуо қилинг
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг” (Аъроф сураси, 180-оят).
Бошқа оятда бундай дейилади: “Аллоҳ, деб чорлангиз ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангиз ҳам (жоиздир). Зеро, Унинг гўзал исмлари бордир” (Исро сураси, 110-оят).
Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Банда Унга дуо қилганида, қанча кўп гўзал исмлари ила дуо қилса, шунча яхши. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг арабча матнида келган “иҳсо” калимасини фақатгина ёдлаш эмас, балки “унинг маъноларини билиб, тафаккур қилиш ва шунга мувофиқ гўзал хулқ билан хулқланиш лозим”, деганлар. Аллоҳ таолонинг шундай исмлари борки, ким улар билан дуо қилса, албатта дуоси ижобат бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг: “Аллоҳим, Сендан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқлиги, Ўзинг яккаю ёлғизлигинг, беҳожатлигинг, туғмаган ва туғилмаган ва Сенга ҳеч бир нарса тенг келолмайдиган Зот – Аллоҳ эканингга иймон келтириб сўрайман” деяётганини эшитиб: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у билан дуо қилса, дуоси ижобат бўладиган ва у билан сўраса, бериладиган Аллоҳнинг улуғ исмлари билан сўради”, дедилар.
Ўқилиши: “Аллоҳумма инний асъалука бианний ашҳаду Аннака Анталлоҳу лаа илаҳа иллаа Анта Ал-аҳаду ас-сомадуллазий лам ялид ва лам ювлад ва лам якун лаҳу куфуван аҳад”.
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws