Гўзал одоб – энг яхши мерос
Динимизда бола тарбиясига катта эътибор берилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деб таъкидлаган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли оилаларингизни ёнилғиси одамлар ва тошлар бўлган, устида Аллоҳнинг амрларига осий бўлмаган қаттиқ ва шиддатли фаришталар бўлган дўзахдан сақланг ва улар амр қилинган нарсани қиладилар” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Ушбу ояти карима нозил бўлганида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «“Эй Аллоҳнинг Расули, ўз жонимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?” деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, у (аҳли оила)ларни ҳам шундан қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам шунга буюрасизлар. Ана шу уларни дўзахдан сақлаш бўлади”, деб жавоб бердилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бирингиз мутасаддисиз ва ҳар бирингиз қўл остидагилар учун жавобгардир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Фарзанд туғилиши билан ота-она зиммасига уни тарбиялаш мажбурияти юклатилади. Бу юмуш, биринчи навбатда, оиладаги маънавий-ахлоқий муҳит орқали амалга ошади. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бежиз айтилмаган. Ота-она одоб-ахлоқ борасида фарзандига намуна бўла олсагина, у яхши инсон бўлиб вояга етади. Чунки иймон, ахлоқ ва ростгўйлик, меҳр, сабр ва камтарлик, ваъдага вафо қилиш каби фазилатлар оилада шаклланади. Аксинча, эр-хотин аҳил бўлмаса, бола тарбиялашни билмаса, оиланинг моддий таъминотини ҳаддан оширса ёки умуман таъминламаса, фарзандига меҳр бермаса, тарбияда улкан бўшлиқ юзага келади ва вақт ўтгач, уни тўлдириш имконсиз бўлади.
Болани уриб-сўкиб тарбиялаб бўлмайди. Бу орқали уни ўзингиздан узоқлаштирасиз. Балки дўстона муомала қилиб, тўғри фикр ва тушунчалар бериш билан фарзандга одобни сингдириш мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. У зотнинг ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамимий ўтирган эди. Бас, Ақраъ: “Менинг ўн болам бор. Улардан бирортасини ҳам ўпганим йўқ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди”, дедилар». Ҳадиснинг шарҳида: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзлари ким бандага раҳм қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам унга раҳм қилмаслигини англатади. Бандаларга раҳм қилишнинг энг олий намунаси ёш болаларга раҳм қилишдир. Чунки улар раҳмга муҳтож. Шундай экан, ҳар бир ота-она ўз боласига меҳрибон, раҳм-шафқатли бўлиши зарур. Бундай муносабатни кўрган фарзанд ҳам келгусида раҳмли бўлиб ўсади”, дейилади.
Яна бир муҳим жиҳат – болаларни китобни севишга, китобхонликка ўргатиш. Чунки мутолаа миянинг фаол ишлашини таъминлайди ва хотирани мустаҳкамлайди. Афсус, ҳозирги кунда ёшлар ўртасида телефонда видеолар томоша қилиш, ўйин ўйнаш авж олган. Мутахассисларнинг айтишича, телефон билан машғул бўлиш боланинг кўзини чарчатади, соғлигига зарар беради. Бундан ҳам ёмони, енгил-елпи ҳаётга қизиқтириб, ахлоқи бузилишига сабаб бўлади. Шунинг учун болаларни фойдали ишлар билан банд қилиб, беҳуда нарсалардан асраш лозим.
Ота-она фарзандлари ўртасида адолат қилиши ва уларнинг ҳақиқатпарвар бўлиб ўсишига аҳамият бериши лозим. Болалар орасида адолат қилмаслик, уларни одобли қилиб тарбияламаслик турли хил низо ва фитналарнинг келиб чиқишига сабаб Гўзал одоб – энг яхши мерос бўлади. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан уни-буни бердим”, деди. “Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?” дедилар у зот. Отам: “Йўқ”, деди. “Бунга мендан бошқани гувоҳ қил”, дедилар ва сўнгра: “Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?” дедилар. “Ҳа”, деди отам. “Ундоқ бўлса, бундай қилма!” дедилар».
Ота-оналар болаларига турли масалаларда доимо маслаҳат бериб туришлари лозим. Одамлар Луқмони Ҳакимга: “Нега доим болангизга насиҳат қилаверасиз?” деб сўрашибди. Шунда Луқмони Ҳаким: “Менинг боламга қилган насиҳатим боғбоннинг ниҳолга қиладиган парвариши кабидир”, деб жавоб берган.
Халқимизда “Бола – азиз, одоби ундан азиз” деган мақол бор. Зеро, одобли, илмли бола ҳамма жойда азиз. Илмли, тарбияли фарзанд келгусида ҳар томонлама баркамол инсон сифатида давлатимиз таянчи, миллатимиз фахри, халқимиз ифтихорига айланишига шубҳа йўқ.
Аллоҳ таоло барчамизга бола тарбиясидек ўта муҳим ва масъулиятли ишда мададкор бўлсин!
Раҳматилло УСМОНОВ,
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 24-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws