ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ – МИЛЛАТ ИРОДАСИ ВА ЮРТ ТИНЧЛИГИ ТИМСОЛИ
Аллоҳ таоло инсонга берган энг улуғ неъматлардан бири – тинчлик ва хотиржамликдир. Тинч юрт, осойишта ҳаёт ва хавфсиз жамият пайдо бўлиши ва унинг бароқарорлигини таъминлаш масласи ўз-ўзидан бўлмайди. Бу неъматларни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш ҳар бир миллатнинг, ҳар бир авлоднинг зиммасидаги муқаддас бурчдир. Шу жиҳатдан, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни халқимиз ҳаётида алоҳида маънавий аҳамият касб этади.
Бу сана Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилган кун сифатида нишонланиб, Ватан тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган фидоий инсонларга ҳурмат ифодасидир.
Дарҳақиқат, муқаддас динимизда ҳам жамият осойишталигини сақлаш, зулм ва тажовузга қарши туриш улуғ амал сифатида эътироф этилган. Жумладан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло қуйидагича таълим берган: “Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз…” (Анфол сураси, 60-оят).
Ушбу оят мусулмонларни доимо огоҳликка, жамият тинчлигини сақлаш учун зарур чораларни кўришга даъват этади. Бу ерда куч деганда фақат жисмоний қудрат эмас, балки интизом, маънавий баркамоллик ва масъулият ҳам назарда тутилади.
Мустақил Ўзбекистон миллий армиясининг шаклланиши ҳам ана шу масъулият ҳиссининг амалий ифодасидир. 1991 йил 31 август куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги Қонун ва Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Баёнот халқимизнинг ўз тақдири учун жавобгар бўлишга тайёр эканини кўрсатди. Миллий Қуролли Кучларни ташкил этиш эса юрт тинчлигини ўз қўли билан муҳофаза қилиш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.
1991 йил 6 сентябрда Мудофаа ишлари вазирлигининг ташкил этилиши, 1992 йил 3 июль куни унинг Мудофаа вазирлигига айлантирилиши ҳамда 1992 йил 14 январь куни республика ҳудудидаги ҳарбий қисмларни давлат тасарруфига олиш ҳақидаги қарор мустақил давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворини яратди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ йўлида бир кун чегара қўриқлаш бир ой нафл рўза ва намоздан афзалдир”, деб таълим берганлар. Бу ҳадис Ватан ҳимояси фақат дунёвий вазифа эмас, балки катта маънавий савобга эга эканини англатади.
1993 йил 29 декабрь куни 14 январь расман Ватан ҳимоячилари куни деб белгиланиши ҳам халқимизнинг тинчлик неъматига бўлган эътибори ва миннатдорлигининг ифодасидир. Бу байрам орқали жамиятда Ватанга муҳаббат, масъулият ва садоқат туйғулари мустаҳкамланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради” (Наҳл сураси, 90-оят), деб марҳамат қилади. Адолат ва яхшилик эса, аввало, инсонлар тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда намоён бўлади.
Бугун Ватан ҳимоячилари ана шу улуғ вазифани сидқидилдан адо этмоқдалар. Улар юрт осмони мусаффо, халқ ҳаёти осойишта бўлиши йўлида хизмат қилмоқдалар. Бу хизмат эса нафақат давлат, балки бутун жамият олдидаги буюк омонатдир.
Шу боис Ватан ҳимоячилари куни ҳар бир инсонни тинчлик қадрини англашга, Ватан тақдирига бефарқ бўлмасликка, юрт равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишга ундайдиган маънавий-маърифий сана сифатида қалбларимизда мустаҳкам ўрин тутади.
Дамин ЖУМАҚУЛ
http://hidoyatuz.taplink.ws