Хорижа ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ
Тобеин Хорижа ибн Зайд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таржимони Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ўғли.
Расулуллоҳ алайҳиссалом Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ёд олиш қобилияти кучлилигини кўриб хурсанд бўлдилар. Бунинг устига хатсаводда ҳам моҳирлиги у зотни янада мамнун этди ва унга меҳрлари ийиб: “Эй Зайд, мен учун яҳудлар ёзувини ўрган, чунки мен уларга ишонмайман. Яъни, улар менинг сўзларимни тўғри ўгирмайдилар”, дедилар. Зийрак йигитча: “Бош устига, эй Аллоҳнинг Расули”, деб таклифни бажонидил қабул қилди.
Шу ондан бошлаб ёш Зайд иброний тилини ўрганишга берилиб, ҳеч қанча ўтмай уни мукаммал ўзлаштирди. Бироз фурсатдан сўнг, Расулуллоҳнинг маслаҳатларига биноан сурёнийчани ҳам тез ўрганиб олди. Шундай қилиб, Зайд ибн Собит у зотнинг хос таржимонига айланди.
От ўрнини той босар, деганларидек унинг ўғли Хорижа ҳам отаси каби илм йўлини тутди. Хорижа Мадинада Саид ибн Мусаййиб, Урва, Қосим ибн Муҳаммад, Сулаймон ибн Ясор қатори етти фақиҳлардан бири бўлиб танилди.
Мусъаб ибн Зубайр айтади: “Ўз замонида ансорлик Хорижа ибн Зайд ва Тал ҳа ибн Абдуллоҳ фатво сўраб келувчи меросхўрларга уйжойлари ва хурмозорларига тақсими тўғрисида васиқаҳужжати ёзиб берарди”.
Хорижа отаси Зайд, амакиси Язид, Усома ибн Зайд, онаси Умму Саъд бинти Саъд, ансорлик Умму Аъло ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Унинг ўзидан Ибн Сулаймон, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Абдулмалик ибн Абу Бакр, Абдуллоҳ ибн Амр ва бошқалар ривоят қилишган.
Халифа Умар ибн Абдулазиз Мадинанинг барча фақиҳлари қатори Хорижа ибн Зайдни ҳам ҳузурига чақириб, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатар ва баъзан шўро мажлисига таклиф қиларди. У Абу Бакр ибн Муҳаммадни Мадинага волий қилиб тайинлайди. Шу вақтда Хорижа билан фақиҳ тенгқурлари Мадинада диний масалаларга фатво берардилар.
Бир куни Халифа Умар ибн Абдулазиз Мадина волийси Абу Бакр ибн Муҳаммадга бундай мактуб ёзади: “Мактубим етиб бориши билан Хорижа ибн Зайдга хазинадан унга тегишли маблағни беринг”. Мадина волийси, халифа буюргандек, Хорижа ибн Зайдга хазинадан ажратилган молни юборади. Хорижа уни олибоқ волий ҳузурига келиб: “Мўминлар амири мени деб бирор кишини жавобгарликка тортишини хоҳламайман. Шунинг учун пулларни қайтариб бераман. Агар мўминлар амири барча тенгдошларимга ҳам улуш ажратган бўлса, мен ҳам қабул қиламан. Агар у фақат менинг ўзимга бермоқчи бўлса, олмайман”, дейди.
Абу Бакр ибн Ҳазм бу ҳақда Умар ибн Абдулазизга хабар берди. Шунда мўминлар амиридан жавоб келди: «Хорижага саломимни етказинг ва унга айтинг: “Хазинада у талаб қилганчалик мол йўқ. Агар имкони бўлганида, мен, албатта, айтганидек қилган бўлардим”».
Шундай қилиб, Хорижа ўзига ажратилган улушни олишдан бош тортди. У бу иши орқали мўминлар амирига ҳаммага тенг қаранг, деган насиҳатни қилган эди.
Хорижа ибн Зайд ибн Собит вафотидан олдин кўрган туши ҳақида бундай дейди: “Тушимда етмишта зинапоя қурганимни кўрдим, қуриб битказишим билан улар қулаб тушди, бу йил етмиш ёшга етдим”, деди. Туши рўёбга чиқди ва фақиҳ Хорижа ибн Зайд етмиш ёшида оламдан ўтди.
Хорижанинг жанозасини Мадина волийси Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм ўқиди. Бу ҳижрий тўқсон тўққизинчи йили эди.
Умар ибн Абдулазизга Хорижа ибн Зайд вафот этгани ҳақида хабар етди. У бирдан саросимага тушиб: “Биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчилармиз”, деди ва қўлларини бир-бирига боғлаб: “Аллоҳга қасам, бу Ислом учун катта йўқотиш”, деди.
Абдулкарим АБДУЛЛАЕВ,
Қумқўрғон тумани “Хўжа Мирсаид” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws