Тижоратчи тўғрисўз бўлса…
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ буюк табаа тобеинлардан, муҳаддис, фақиҳ ва мутасаввиф бўлган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мўътабар шогирдларидан эди.
Абдуллоҳ ибн Муборак мазҳаббошимиз билан нафaқат устозшогирд, айни пайтда тижоратда ҳам муносабатлари яқин эди. Илму ирфонда, сайру саёҳатда, савдосотиқда буюк устозининг муносиб издоши бўлишга интилган. Ҳалоллик, покдомонлик, садоқат ва вафо унинг шиори бўлган.
Алломанинг тижорати мислсиз миқёсда кенгайди. Тўрт томонда унинг карвонлари кезар, тижорати гуллабяшнар эди. Ибратли жиҳати, аллома бой, тижоратчи бўлишига қарамай, молдунёга ҳирс қўймади. Турли мамлакатларда ўндан ортиқ тўқув ва тикув устахоналари, мўйна дўконлари, зироат ерлари, хурмозорлар, терига ишлов бериш корхоналари, этикдўзлик устахоналари бор эди. Қўлига пул тушди дегунча ҳақдорларга тарқатиб юборарди. Бойлигини илм аҳлига, муҳтожларга, бевабечораларга берар, масжиду мадрасалар қурар, китоблар вақф қилар, янги кутубхоналар ташкил этарди.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг: “Тижорат илмини билмаган кишилар бизнинг бозоримизда савдо қилмасин”, деган сўзига асосан ким билан шерикчилик қилса, албатта, унга тижоратнинг фиқҳий қоидаларини ўргатар эди.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ бозорда нархнавонинг сунъий ошиб кетиши олдини олиш учун йирик савдогарларни уйига таклиф қилиб, нархларни меъёрида ушлаб туришга тарғиб қиларди. Бундай мажлис ҳар йилда икки марта ташкил этиларди.
У зот савдогарлар учун бир неча ўгитлар ёзиб қолдирган.
1. Эй мусулмон тижоратчи, тақдирингизга рози бўлинг, таваккул қилиб, иймонингизга ярашадиган мақомга эга бўлинг!
Набийимиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: “Агар сиз ҳақиқатан ҳам тўлиқ иймон билан Аллоҳга таваккул қилганингизда эди, тонгда оч чиқиб, оқ шомда тўқ ҳолда уясига қайтадиган қушларни ризқлантиргани мисоли Аллоҳ сизларни ҳам ризқлантирган бўларди” (Имом Термизий ривояти).
2. Эй мусулмон тижоратчи, Аллоҳ таоло жорий этган ҳалол ва ҳаром чегараларига риоя қилиб, шубҳали нарсалардан юз ўгиринг, токи номус ва жамиятга доғ тушмасин.
3. Эй мусулмон тижоратчи, ризқ талабида тонгдан ҳаракат қилиб, уйингиздан чиқишингиз, қуёшни уйғотишингиз лозим. Шунда асл баракага эга бўласиз.
4. Эй мусулмон тижоратчи, сотаётган молингизда сифатни туширадиган ёки қийматни камайтирадиган бир айб бўлса, буни харидорга очиқчасига айтинг. Акс ҳолда, фойдангизга ҳаром аралашиб, ўзингиз бировларнинг лаънатига қолиб кетишингиз мумкин.
5. Эй мусулмон тижоратчи, олдисотди, қарз олдибердисида доимо осонлик ва қулайликни асос қилиб олинг. Шунда тижоратингизни хотиржам амалга ошириб, Аллоҳнинг марҳаматига эришасиз.
6. Эй мусулмон тижоратчи, фоиз масаласида жуда ҳушёр бўлинг. Фоизга яқин йўламанг.
7. Эй мусулмон тижоратчи, ҳар бир ишни пухта бажаринг, сабрли бўлинг ва ҳисобкитобда узоқни кўзланг. Шунда муваффақиятга эришасиз. Ойша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло сизлардан бирингизга бир нарсани ризққа сабаб қилиб қўйган бўлса, у ўзгаргунча ёки бу борада қийналмагунча уни ташлаб кетмасин”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
8. Эй мусулмон тижоратчи, молдунё кўзни қамаштиради, аммо у Аллоҳ ҳузурида фоний ва қийматсиз эканини ҳеч қачон унутманг. Шунда ҳирс ва тамагирлик домига тушмайсиз.
9. Эй мусулмон тижоратчи, молингизни қиммат сотманг, харидорларни алдаманг. Шунда Расулуллоҳ мақтаган тижоратчи бўласиз.
10. Эй мусулмон тижоратчи, жаннатда энг яхши дўстлар билан қўшни бўлишни истасангиз, тижоратда ҳалол ва ишончли бўлинг.
Ҳадиси шарифда:“Тўғрисўз ва ишончли тижоратчилар набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўладилар”, дейилади (Имом Термизий ривояти).
Руҳиддин АҲМЕДОВ,
Муборак тумани “Хўжа Абдуллоҳ ибн Муборак” жомеси имом-хатиби,
Нортожи УСМОНОВ,
масжид мутаваллиси