Комилликка етай десангиз…
Динимизда шариатнинг зоҳирига амал қилиб, унинг моҳиятидан – руҳий тарбиядан, ихлосдан ва нафсга қарши курашишдан ғофиллик қилиш қораланган. Яъни фақат шариат ҳукмларини билиб, аммо қалбини ислоҳ қилмаган одам амалларига риё аралаштириб қўйиши, кибрга берилиши ва миннат қилиб қўйиши мумкин.
Ҳам шариатнинг, ҳам тариқатнинг талабларини ўрнига қўйган киши ҳақиқатга етади. Яъни Аллоҳ таолони ҳақиқий маънода таниган бўлади. Инсон ҳам танадан, ҳам руҳдан иборат хилқат бўлиб, ҳар иккиси тарбияга муҳтождир. Шариат инсоннинг зоҳирини (амалини), тасаввуф эса ботинини (қалбини) ислоҳ қилади. Шунда унинг амалларида ихлос, руҳият пайдо бўлади.
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳсиз тасаввуф – адашиш, тасаввуфсиз фиқҳ – руҳсиз тана”, деган.
Шайх Аҳмад Зарруқ раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуфнинг асоси – шариат. Ким уни шариатсиз талаб қилса, адашади”, деган.
Имом Раббоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Тариқатнинг меваси шариатга тўлиқ риоя қилишдир”, деган.
Фақиҳ шариат ҳукмларини эгаллаган, сўфи нафсини ва қалбини ахлоқи замималардан поклаб, уларни ахлоқи ҳамида билан зийнатлаган кишидир. Зиндиқ (бу ерда) мунофиқ маъносидадир.
Фиқҳни, шаръий илмларни ўрганиб нафси ва қалбини замима ахлоқлардан покламаган кишида амалларга риё аралашиб қолиши, кибрга ва моддиятга берилиши, агар ўзини ислоҳ қилмаса, фосиқ бўлиб кетиш хавфи бор.
Фиқҳни, шариат илмларини билмаган сўфи шаръий ҳукмларга бепарво бўлса, уларни писанд қилмаса, зиндиқ бўлади. Ҳам фақиҳ, ҳам сўфи бўлган киши камолга етади. Яъни Аллоҳ таолонинг амрларига ҳам ботинда, ҳам сиртда тўла итоат этиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришади.
Бугунги кунда фиқҳни билмай сўфи бўлган баъзи кишилар оилаларини ўз ҳолига ташлаб, уларнинг нафақаларига эътиборсизлик қилишмоқда.
Ваҳоланки, юртимиздан чиқиб, таълимоти дунёга тарқалган Нақшбандия сулуки муршиди ўз толибларига бу қоидани тарғиб қилган: “Дил ба Ёру, даст ба кор” – “Қалб Аллоҳ зикри билан, қўл иш билан банд бўлсин”. Яъни инсон дунё ишларини тарк этмаган ҳолда, Аллоҳ таолонинг зикридан тўхтамасин.
Вақт ўтган сари бобомиз Нақшбанд ҳазратларининг ана шу лўнда ва теран маъноли тавсияларига амал қилган киши икки дунё саодатига мушарраф бўлиши тобора равшан бўлиб бормоқда.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Тошкент шаҳар “Минор” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 24-сонидан