Рост – юздан, ёлғон кўздан билинар
Одатда одамлар ёлғонга унчалик ҳам эътибор беравермайдилар. Кўпчилик ёлғон ёлғончининг ўзига маънавий зарар келтиради холос, деб ўйлайди. Аслида ёлғон йўлида учраган барча нарсага олов пуркаб, куйдириб, ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларини бирин-сирин фалокатга учратиши ҳам мумкин. Шу сабабли Исломда ёлғон қатъий қораланган.
Қуръони каримда жаннат аҳлига бериладиган неъматлар таровати уларнинг юзида намоён бўлиши, шунингдек, дўзах эгаларининг тортадиган азоби ҳам юз ифодаларида акс этиши баён этилган.
Жаннат аҳли ҳақида келган оятларга назар солсак: “Уларнинг юзларини қоралик ҳам, хорлик ҳам қопламас” (Юнус сураси, 26-ояти); “Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир” (Фатҳ сураси, 29-оят); “У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи” (Қиёмат сураси, 22-оят). “Уларнинг юзларида неъматларнинг тароватини (бир қарашда) билиб оласиз” (Мутоффифин сураси, 24-оят);“(Бошқа бир) юзлар эса у кунда (неъматлардан) мамнун” (Ғошия сураси, 8-оят).
Дўзах эгаларининг сифатлари ҳам турли оятларда бир хил, яъни юз ифодалари билан тасвирланган: “Уларнинг юзлари гўё зулматли туннинг бир бўлаги билан қоплангандекдир” (Юнус сураси, 27-оят); “Юзларини олов ўраб олур” (Иброҳим сураси, 50-оят); “Юзларини ўт куйдиргач, улар у ерда бадбашара бўлиб қолувчидирлар” (Муъминун сураси, 104-оят); “Юзлари оловда айлантириладиган кунда” (Аҳзоб сураси, 66-оят); “Қиёмат кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қорайган ҳолда кўрасиз” (Зумар сураси, 60-оят).
* * *
Биринчидан: Қуръони каримда мунофиқларнинг ёлғон ва нифоқ аломатлари юзларида ошкор бўлиши баён қилинди. “(Эй Муҳаммад!) Агар хоҳласак, албатта, Сизга уларни (мунофиқларни) кўрсатиб (танитиб) қўйган бўлур эдик, у ҳолда Сиз уларни сиймоларидан таниб олган бўлур эдингиз. (Қасамки, энди) албатта, Сиз уларни сўз оҳанги (услуби)дан таниб олурсиз” (Муҳаммад сураси, 30-оят). Демак, мунофиқларни уларнинг турқи-тароватидан, яъни юз ифодаси, хатти-ҳаракати ёки сўз оҳангидан ажратиб олиш мумкин.
Иккинчидан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», деб огоҳлантирганлар (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо кишининг рост ёки ёлғон гапираётганини билганлар”, деган (Имом Ибн Саъд ривояти). Яна Набий алайҳиссалом: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар, у Аллоҳнинг нури (назари) билан қарайди”, дёб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадис мўмин киши ақли билан юздаги ифода, овоздаги тараддуд каби хатти-ҳаракат орқали ёлғонни пайқаб олиши мумкинлигига ишора қилинмоқда.
Учинчидан: Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “Иҳёу улумуд дин” асарида: “Ёлғончи гапини яшириши мумкин, лекин ҳолатини яширолмайди. Кўзда ёлғон сўзламайдиган нутқ, юзда назардан яшириб бўлмайдиган ўзгаришлар бор”, деган.
Тўртинчидан: Тадқиқотлардан маълум бўлишича, киши ёлғон гапираётганида назарини олиб қочишга уринади. Чунки бу вақтда юзи ёки оғзи атрофида майда-майда қисилишлар кўпаяди. Пешона ва оғиз мускулларнинг таранг тортилиши кузатилади. Бу кашфиётлар асрлар оша мусулмон уламоларнинг “Ёлғон юзда акс этади”, деган қарашларига мувофиқ келади.
Дёмак, Қуръон, суннат ва ула моларнинг сўзлари ҳамда тадқи қотлар натижаси шуни кўрсатадики, киши ёлғонини яширолмайди. Аллоҳ таоло ёлғонни юз ифодаси ва овоз оҳангидан фош қилади: “Жинояткорлар сиймоларидан билиниб турар” (Раҳмон сураси, 41-оят). Аллоҳ барчамизни гуноҳ ишлардан четлаштирсин, Ўзи рози бўладиган ишларга йўлласин. У марҳаматли ва саховатли Зотдир.
Исломшунос Раъно ЗОКИРОВА (Вобкент тумани) тайёрлади.
(Ю. Комилова уюштирди).
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан