Улуғ муҳаддис ҳақида ҳақиқатлар
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда.)
Алломанинг юртга қайтиши
Имом Бухорий ҳаётининг сўнгги йиллари ҳақида турли фикрлар бор. Баъзи манбаларда у зотнинг айрим диний масалаларга қарашлари бошқа уламоларникига тўғри келмагани учун бир қанча шаҳарлардан чиқариб юборилган, деган маълумотлар бор. Буюк муҳаддис Бухородан бош олиб кетишига шу сабаб бўлган. Аслида эса Имом Бухорий эллик ёшдан сўнг она юртига қайтишни ихтиёр қилади. Бутун халқ уни катта шодиёна ва хурсандчилик билан қарши олади. Аммо у зот мужтаҳид бўлгани боис ўз ижтиҳодига кўра фатво берарди. Табиийки, Бухоро аҳли ва уламоларига у кишининг фикрлари тўғри келмайди. Орада турли тушунмовчиликлар юз беради. Бироқ у кишининг Бухородан кетишига бошқа бир воқеа сабаб бўлади.
Бакр ибн Мунир ибн Хулайд ибн Аскар айтади: «Бухоро волийси амир Холид ибн Аҳмад Зуҳлий Муҳаммад ибн Исмоилга чопар юбориб: «Ўзингизнинг “ал-Жомеъ”, “ат-Тарих” ва бошқа китобларингизни олиб келиб, аркда дарс ўтинг”, деб тайинлади. Имом Бухорий чопарга: “Мен илмни хорламайман. Уни одамларнинг эшигига олиб бормайман. Илм ўрганмоқчи бўлсангиз, уйимга ёки масжидга келинг. Сиз султонсиз, агар сўзларим ёқмаса, майли, дарс беришимни ман қилинг, токи қиёматда илмни яширмаганим учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида узрим қабул бўлсин. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким илмдан сўралганда уни яширса, ўтдан бўлган юган билан юганланади”, деганлар”, деб айтиб юбордилар. Икковларининг ўрталарига тушган совуқчилик шундан бошланди».
Ҳофиз Абу Бакр ибн Абу Амр Бухорий айтади: “Шунда амир замонасининг олими Ҳурайс ибн Абул Варқо ва бошқалардан ёрдам сўради. Улар Имом Бухорийнинг мазҳаблари борасида анча гап-сўзларни айтишди. Натижада у кишини шаҳардан чиқариб юборишди”.
Имом Бухорий дуоси қабул бўладиган зотлардан эди. Жонларидан ўтгани учун мазкур душманлар ҳақида: “Аллоҳим! Менга қасд қилган нарсаларини ўзларига кўрсатгин!” дея дуо қилди.
Ушбу воқеадан бир ой ўтмай, тоҳирийлар халифасидан Бухоро амирини ишдан четлатиш ва уни шаҳарда сазойи қилиш тўғрисида фармон келди. Амирни урғочи эшакка миндириб, сазойи қилишди. Кейинроқ у гуноҳини ювиш учун ҳажга бориш мақсадида йўлга чиқди. Бағдодга етганида халифа Мўътамаднинг укаси Муваффақ ибн Мутаваккил уни тутиб қамади, у қамоқда вафот этди.
Ҳурайс ибн Варқо аҳли оиласи билан балоларга гирифтор бўлдики, буларни баён этишга тил ожиз. Ҳурайсга шерик бўлганнинг фарзандларига мусибат етди, Аллоҳ унинг бошига кўп кулфатларни солди. Хуллас, уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг бало ва офатларига гирифтор бўлдилар».
Муҳаммад ибн Восил Пойкандий айтади: “Имом Бухорийнинг Найсобур ва Бухородан чиқарилгани Аллоҳ таолонинг бизларга инъоми бўлди. Чунки Имом Бухорий шундан сўнг бизлар билан истиқомат қилди. Кўпгина китобларни ўша пайт эшитиб олдик. Агар у кишини катта шаҳарлардан чиқармаганларида, бизнинг чекка томонлар – Фирабр ва Пойкандга бу олим қандай келарди?! Бу ерликлар ҳам у кишининг асарларидан баҳраманд бўлдилар ва бу юртлардан ҳам катта олимлар етишиб чиқди”.
Имом Бухорийнинг вафоти
Имом Бухорий Бухородан чиқиб Пойканд сари юрди. Бухоро амиридан Имом Бухорийни киритмаслик тўғрисидаги фармон у ерга ҳам аллақачон етиб борганди. Имом Бухорий ноилож Насаф томонга йўл олди. Бироқ амирнинг мактуби сабаб Насафга ҳам киришга изн берилмади. Охири Самарқанд сари юзланди. Самарқандга етмай икки фарсах масофадаги Хартанг қишлоғида қариндошлари бор эди. У киши мазкур қариндошлариникига келди. Самарқанд шаҳрига киришни истаганида, нозирлар Бухоро амирининг мактуби туфайли алломани шаҳарга киритишмади.
Имом Бухорий Хартангда кечалари намоз ўқиб ибодат қиларди. Бир кеча тунги намоздан кейин: “Аллоҳим! Ер юзи менга тор бўлиб қолди. Жонимни олгин!” деб дуо қилаётгани эшитилди. Шундан бир ой ўтар-ўтмай вафот этди.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: «Ғолиб ибн Жибрил – Имом Бухорий уйида турган кишининг шундай деганини эшитдим: “Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турди. Кейин бемор бўлиб қолди. Самарқанд волийсининг элчиси келиб, у кишининг чиқишини сўради.
Бизни кўргач, уловга минишга тайёрлана бошлади. Маҳсисини кийди. Салла ўради. Мен билагидан суяб бормоқда эдим, йигирма қадамча юргач, у киши: “Менга индаманглар, заифлашиб қолдим”, деди. Кейин уйга қайтиб кирди. Дуолар қилди, кейин секин ёнбошлади ва калимаи шаҳодатни такрорлаб, жон таслим қилди. У зотдан анча тер оқди. Сал олдинроқ: “Мени уч оқ кийим ила кафанланглар. Уларнинг ичида қомис ва салла бўлмасин”, деган. Биз шундай қилдик».
«Ал-Бидоя ван-ниҳоя» китобида Имом Бухорийнинг дафн маросимига бош-қош бўлган Иброҳим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг дафнига мен мутасадди бўлганман. У зот Хартангда вафот этганидан кейин Самарқанд шаҳрига олиб бориб дафн қилмоқчи бўлдим. Аммо бир соҳибимиз бунга йўл қўймади ва Хартангга дафн қилдик”.
Абдулқуддус ибн Абдулжаббор Самарқандий айтади: «Муҳаммад ибн Исмоил Хартанг қишлоғига келди. Бу қишлоқ Самарқанддан икки фарсах узоқда жойлашган. У ерда қариндошлари бор эди. Шуларнинг уйларида яшади. Бир кеча таҳажжуд намозини ўқиганидан кейин: “Парвардигор, бу кенг ер энди менга тор бўлди. Мени Ўз ҳузурингга олгин”, деб дуо қилганини эшитдим. Бир ой ўтар-ўтмас, вафот этди. Қабри Хартангда».
Абу Мансур Ғолиб ибн Жибрил айтади: «Имом Бухорий уйимизда бир неча кун турди. Қаттиқ бетоб бўлди. Касаллиги кучайиб бораверди. Самарқанд шаҳрига боришни истаб, элчи жўнатди. Истакларига розилик жавоби келгач, сафарга чиқиш учун ҳозирлик кўрди. Уловини тайёрлаб, маҳсисини кийди, бошига салла ўради. Йигирма қадамча юрганида мадори кетиб қолди. Уловга миндириш учун мен бир киши билан билакларидан тутдим. Шунда Имом Бухорий: “Мени ўз ҳолимга қўйинглар, тинкам қуриди”, деди. Сўнгра узоқ дуо қилди ва ётган жойида руҳи танасини тарк этди. Пешонасидан шундай тер оқдики, буни тасвирлаб бўлмайди. Тер оқиши тўхтаганидан кейин оппоқ кийим билан кафанладик. Чунки бизга сўнгги марта: “Мени учта оппоқ кийимга кафанланглар, кафанда кўйлак ҳам, салла ҳам бўлмасин”, деб васият қилган эди. Биз шундай қилдик.
Дафн қилганимиздан кейин қабр тупроғидан мушкдан ҳам ёқимлироқ ҳид таралди. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сўнгра қабри устидан оппоқ устунга ўхшаш нарса осмонга кўтарилиб тўхтади. Одамлар ҳар куни келиб, бундан ажабланишарди. Одамлар қабр тупроғидан табаррукона олиб кетадиган бўлдилар. Ҳатто қабр анча пасайиб қолди. Қоровуллик қилсак ҳам, қабр тупроғини сақлашга кучимиз етмади. Қабрни ҳимоя қилишдан чарчадик. Шу сабабдан қабрлари устини хас-хашак билан ҳеч кимнинг қўли етмайдиган қилиб тўсдик. Лекин халқ қабрга зарар етказмасдан, унинг атрофидаги тупроқдан олиб кетарди.
Қабрдан таралаётган хушбўй ҳид бир неча кун давом этганидан атрофдагилар бу ҳақда гапириб, ҳайратланишарди.
Ҳаётлигида қарши чиққанлар вафотидан кейин у кишининг кимлигини билишди. Улар Имом Бухорийнинг қабри ёнига келиб, тавбаю надоматлар қилишди».
Маҳийб ибн Сулайм Карминий айтади: “Имом Бухорий 256 йили 62 ёшида Рамазон ҳайити кечаси вафот этди. Уйда ёлғиз ўзи эди. Эрталаб кирсак, вафот қилган экан”. Ҳасан ибн Ҳусайн Баззоз Бухорий айтади: “Имом Бухорий 256 йили Рамазон ҳайити оқшомида, шанба куни хуфтон намози вақтида вафот этди. Рамазон ҳайити куни пешин намозидан сўнг дафн қилинди. Имом Бухорий ўн уч кун кам 62 ёшга кирган эди”.
Жобир ЭЛОВ, Бухоро вилояти бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws