Мерос илми – арифметика санъати
Ҳосиб Мисрий ёки Абу Комил Шужа ибн Аслам ибн Муҳаммад (850-930) геометрик масалаларда алгебрик усулларни қўллаш билан шуҳрат қозонди. Ибн Халдун Абу Комилни Хоразмийдан кейин хронологик жиҳатдан иккинчи энг йирик алгебра олими деб тавсифлаган.
Абу Комил математикага амалий тус бериб, кундалик ишларда ёрдам берадиган кўплаб ҳисоб-китобларни тақдим қилди. Масалан, мерос масалаларини ҳал этишда алгебрик тенгламалардан фойдаланди.
Аллоҳ таоло жорий қилган барча ҳукмларда бандаларнинг икки дунё бахт-саодати кўзланади. Жумладан, меросга оид ҳукмларни чуқур ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатга яна бир бор иқрор бўламиз.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Фароизни ўрганинглар ва уни ўргатинглар. Албатта, у илмнинг ярмидир. Аниқки, у ёддан кўтарилиб кетади ва у умматимдан биринчи бўлиб суғуриб олинувчи нарсадир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Маййитнинг мол-мулки мерос хўрлар ўртасида тақсимланишининг энг муҳим ҳикматидан бири бир банданинг ҳақи бошқасига ўтиб қолишининг, турли келишмовчилик ва низоларнинг олдини олишдир, луқманинг ҳалоллигини таъминлашдир.
Ислом уламолари мерос илмига оид барча ояти карима ва ҳадиси шарифларни синчиклаб ўрганиб, улар асосида мерос тақсимотининг барча ҳукмини ишлаб чиқдилар ва кўплаб нодир китоблар ёзиб қолдирдилар.
Маълумки, меросхўр улуши тақсимотида математика, кўчмас мулк тақсимотида геометрияга эҳтиёж бор. Шу боис уламолар математикани чуқур ўрганиб, мерос тақсимлаш қоидаларини тақдим этишди. Ҳатто Ибн Халдун мерос илмини “Арифметика санъати”, деб таърифлаган.
Абу Комил Мисрий меросни осон ва тўғри тақсимлашда ёрдам берадиган алгебрик тенгламаларни ўйлаб топди. У қолдирган мерос Фибоначчи китобларига асос бўлди. Олимнинг иши Леонардо Пиза (Фибоначчи) ва бошқа кейинги Европа математикларига катта таъсир кўрсатди.
Демак, Абу Комил нафақат араб алгебрасини ривожлантириш, балки Фибоначчи орқали у алгебрани Европага киритишда муҳим рол ўйнади.
“Абу Комил билан Шужа ибн Асламнинг ҳисоб-китоблари” асарининг муаллифи Шалҳуб олим ва Фибоначчи асарлари ўртасидаги ўхшашликлар рўйхатини тақдим этди.
Абу Комил Шужа алгебранинг ривожланишида муҳим рол ўйнаган математиклардан биридир. У мерос масалаларини ҳал қилишда алгебрик усулларни қўллади ва билимларни амалий равишда ривожлантирди.
Унинг ишлари нафақат ислом мерос илми шаклланиши, балки алгебранинг Европага кириб боришига ҳам катта таъсир кўрсатди. Олимнинг алгебра ва математикага доир тадқиқотлари, замонавий математикада ва мерос тақсимоти соҳасида ижтимоий адолатни таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Унинг асарлари бугунги кун учун ҳам жуда муҳимлиги аниқдир.
Мунаввар РУСТАМ қизи тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 21-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws