Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ибрати
Бир бой киши буюк олим Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан:
– Бойлигим шунча бўлди. Ундан қанча закот берсам бўлади? Ҳисоблаб берсангиз, – деди.
Шунда Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ:
– Сизга лозим бўлганини айтайми ёки менга лозим бўлганиними? – деб сўради.
Ҳалиги бой:
– Иккаласини ҳам айтаверинг, – деди.
Буюк олим:
– Сизга лозим бўлгани – бойлигингизнинг қирқдан бирини закот ўлароқ беринг, – деди.
Бой:
– Сизга лозим бўлгани-чи? – деб сўради Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан.
У киши:
– Барча молингизни ҳақдорларга эҳсон қилиб, уларнинг закотини бошқа бировдан қарз олиб беришингиздир, – деди.
Бой таажжубланиб:
– Бу қайси мазҳаб? Ким бундай ижтиҳод қилди? – деб сўради.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ:
– Бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг мазҳабидир (ўзига лозим кўргани). У киши бор бисотини Ислом йўлида сарфлаб, охирги хирқасини бир фақирга бериб, масжидга бориш учун эгнига кийим тополмаган эди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws