“Унга фитна зарар бермайди”
Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу Авс қабиласининг Бани Ҳориса ибн Ҳорис уруғидан. Куняси Абу Абдуллоҳ, Абу Абдураҳмон, Абу Саид. Отаси Маслама ибн Салама ибн Холид ибн Адий ибн Мажда, онаси Умму Саҳм Холида бинти Абу Убайда ибн Саъдийя Хазражийя.
Исломдан олдинроқ араблар орасида Муҳаммад деган исм пайдо бўла бошлади. Чунки коҳинлар ва аҳли китоблар яқинда араблар ичидан охирзамон пайғамбари чиқиши ва унинг исми Муҳаммад бўлишини башорат қилишарди. Шу боис одамлар “шояд пайғамбарлик менинг ўғлимга берилса” деган умид билан фарзандларига Муҳаммад деб исм қўяр эдилар.
Нубувватдан 22 йил олдин Ясрибда Масламанинг оиласида ўғил дунёга келди. Унга катта орзулар билан Муҳаммад деб исм қўйишди. Муҳаммад ақлли, мард ва жасур инсон бўлиб вояга етди. Лекин унинг қисматига пайғамбар эмас, саҳоба бўлиш шарафи битилган эди. У ҳижратдан аввал Мусъаб ибн Умайрнинг қўлида биринчи бўлиб Исломга кирган ансорлардан бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ясрибга ҳижрат қилиб келгач, уни муҳожир Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан биродар тутинтирдилар.
Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг ишончли кишиларига айланди. У зот уни бир неча сарияларга бошлиқ қилиб юборганлар. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг зикр қилишича, у 15 та сарияга бош бўлган.
Шунингдек, махфий топшириқлар, жумладан, Каъб ибн Ашрафнинг ишини ҳам унга ишониб топширганлар. Содда қилиб айтганда, Муҳаммад розияллоҳу анҳу махфий кузатувлар ва махсус амалиётлар қўмондони эди. Абу Бакр Сиддиқ ва Умар розияллоҳу анҳумо даврида ҳам шу вазифани бажарган.
Муҳаммад ибн Маслама Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ажралмас қўриқчиси ҳам эди. Саҳобалар у ҳақда: “Қаерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари бўлса, Муҳаммад ибн Маслама унинг юганини тутиб турган бўлади”, дейишган. Сарвари олам Каъбани тавоф қилганларида Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу у зотнинг туялари юганини ушлаб юрган. Барча ғазотларда қатнашган. Фақат Табук ғазотида Сарвари олам уни Мадинага ўринбосар қилиб қолдирганлар.
Шунингдек, Муҳаммад ибн Маслама қабилаларга Набий алайҳиссаломнинг мактубларини ёзиб берар ва охирига “Муҳаммад ибн Маслама Ансорий ёзди” деб қайд қилиб қўярди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин бир неча фатҳларда қатнашган. Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Жуҳайна қабиласининг закотини йиғишга масъул қилиб тайинлаган. Шу билан бирга, унинг яна бир муҳим ваколати – волийларнинг ишини тафтиш қиладиган халифанинг хос кишиси эди.
Усмон розияллоҳу анҳу қатл этилгач, Муҳаммад ибн Маслама фитналардан йироқ бўлиш мақсадида Рабазага кўчиб ўтади. Абу Барза ибн Абу Мусо Ашъарий бир куни Муҳаммад ибн Масламанинг ёнидан ўта туриб: “Одамларга аралашмайсизми, уларга буюрмайсизми, уларни қайтармайсизми?” деди. Муҳаммад ибн Маслама эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй Муҳаммад, яқинда бўлиниш, фитна бўлади. Ўша вақтда қиличингни синдир, камонингни уз ва уйда ўтир”, деганлар. Мен у зот буюрган ишни қилдим», деди.
Бир ривоятда унга: “Нега бундай қилдинг?” дейилганида, у: “Набий алайҳиссалом менга қилич бериб: “Эй Муҳаммад ибн Маслама, бу қилич билан Ислом йўлида жанг қил. Агар умматим бир-бирининг бўйнига ураётганини кўрсанг, уни Уҳуд тоғига олиб бориб синдир. Кейин то сенга бир хатокор қўл ёки қатл этувчи ажал келгунча уйингда ўтир”, дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишни қилдим”, деб жавоб берган.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг айтишича, Муҳаммад ибн Маслама ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга фитна зарар бермайди”, деганлар.
Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу: “Эй болаларим, мендан Набий алайҳиссаломнинг ғазотлари ҳақида сўранглар. Мен унинг бирортасидан қолиб кетмаганман, фақатгина Табук ғазотида мени Мадинага ўринбосар қилиб қолдирган эдилар. У зотнинг сариялари ҳақида сўранглар. Сарияларнинг бирортаси менга махфий эмас: ё унга қатнашганман, ё ўша пайтда ўринбосар бўлганман”, дер эди. Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу фитнага аралашиб қолмай деган хавотирда Сиффин ва Жамал жангида қатнашмади. Саъд ибн Ваққос, Усома ибн Зайд, Aбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳум каби уйдан чиқмай ўтирди. Муҳаммад ибн Масламанинг бу ишини ёқтирмаган шомлик бир киши: “Сен нега бетарафсан? Нега мўминлар амири Муовия тарафида эмассан?!” деб қуролсиз саҳобани чодири ичида қатл қилди. Бу воқеа ҳижрий 46-йилнинг сафар ойида юз берди. Ўшанда Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу 77 ёшда эди. Унинг жанозасини Марвон ибн Ҳакам ўқиди. Муҳаммад ибн Масламадан ўн ўғил ва олти нафар қиз фарзанд қолди.
Боборавшан РАСУЛОВ,
Тошкент вилояти “Эшон бува” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws