Соғлом қалблар саодатлидир
Инсон бу дунёда гуноҳлардан тийилиб, қиёматда нажот топишга интилиб яшаши керак. Зеро, ҳаётини яхшиликлар билан ўтказган кишигина икки дунёда саодатманд бўлади.
Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Руку қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” дея марҳамат қилинади (Ҳаж сураси, 77-оят).
Ҳар бир банда гуноҳлардан тийилиб, ибодатларни ўз вақтида адо этиши зарур. Умрини дунё ғам-ташвишлари билан ўтказадиганлар қанча. Бундайлар беҳуда ўтган умри учун афсуслар чекади. Хайрли ишлар қилишга эса фурсат йўқ. Бор умиди фарзандларидан бўлади…
Бироқ қиёмат куни инсонга на ота-она, на фарзанд, на дўст, на молу давлат ёрдам бера олади. Фақат ўз амали ва соғлом қалбигина асқатади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас. Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 88–89-оятлар).
Соғлом қалб – бу ширкдан пок, гуноҳ ва маънавий иллатлардан холи бўлган қалб. Ҳар кимнинг бу дунёдаги энг муҳим вазифаси, аввало, Аллоҳни таниш, нафсини жиловлаш, Яратганнинг ҳузурига соф қалб билан боришдир. Агар киши омонатини тавҳид ва иймон ила топширмаса, амаллари фойда бермайди.
Имом Мотуридий мазкур оят шарҳида бундай дейди: «…“Мол ҳам, фарзанд ҳам фойда бермас” деган маъно тўғри. Чунки фақат Аллоҳнинг ҳузурига соғлом қалб билан келган бандаларгина нажот топади. Агар инсон Аллоҳнинг ҳузурига соғлом қалб билан борса, моллари ва фарзандлари ҳам уларга фойда беради. Чунки улар молларини тоат ва ибодат йўлида сарфлашган, фарзандларига яхши ахлоқ ва одобни ўргатган бўладилар. Шу сабабдан уларга бу ишлари қиёматда фойда беради».
Бошқа бир оятда бундай марҳамат қилинади: “На молларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар – айнан ўшаларгагина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бордир ва улар (жаннатдаги) кўшкларда осойишталикда бўлурлар” (Сабаъ сураси, 37-оят).
Мазкур оятни уламоларимиз бундай шарҳлайдилар: “Инсоннинг икки дунёдаги қадр-қиммати фақат иймони ва яхши амалига қараб баҳоланади. Молу дунё ва бола-чақа ҳам иймонли ва солиҳ кишиларга фойда бериши мумкин. Чунки иймонли одам молу дунёни Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарфлайди. Фарзандларини ҳам солиҳ қилиб тарбиялайди. Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган бандаларнинг мукофотини Аллоҳ таоло бир неча марта кўпайтириб беради. Улар охиратда, жаннатда баланд жойларга қурилган кўшкларда доимо омонлик ичида роҳат-фароғатда бўладилар”. Юқорида келтирилган оятларда бандага охиратда дунё матоҳлари наф бермаслиги таъкидланиши баробарида иймонда собит туриб, Аллоҳ буюргандай яшаш ва фарзандларини ҳам шу йўсинда тарбиялаш уқтирилмоқда.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан