Аразчилик оқибати
Бир киши туғишган ака-укасидан аразлаб, улар билан алоқани узади. Жигарлари кейинчалик узр сўраб, ярашмоқчи бўлишади. Лекин у ярашишни хоҳламайди. Шу тарзда йиллар ўтади. Қазо вақти етиб, акаси омонатини топширади. Мусибат уни бироз таъсирлантирган бўлса-да, юрагидаги гинани йўқотолмайди. Жанозада йиғлаб унга қучоқ очган укасидан юзини буради. Орадан бир-икки йил ўтади. Кунларнинг бирида ука ҳам дунёдан ўтади. Аразчи эркак жигарининг жонсиз танасини қучоқлаб йиғлайди, лекин энди кеч эди…
Афсус, бундай ҳолатлар ҳаётда учраб туради. Араз-гиначи кимсаларга қанча насиҳат қилманг, таъсир этмайди. Ўжарлик билан битта гапни ушлаб олиб, яқинлари билан юзкўрмас бўлишади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифдан мусулмон кишининг биродаридан уч кундан ошиқ аразлаб юриши гуноҳ экани тушунилади. Ён-атрофимизга қарасак, ойлаб, ҳатто йиллаб бир-бири билан гаплашмай юрган одамларни учратамиз. Энг ёмони, умрбод юзкўрмас бўлиб кетган қариндошларнинг борлигидир. Улар охиратда ўзларини қандай жазо кутаётганини ўйлаб ҳам кўришмайди.
Хўш, бундай иллатнинг пайдо бўлишига сабаб нима? Маълумки, оила даврасида кўп эркалатилган, кўнглига қаралган бола улғайганида ҳам ҳамма жойда шундай муносабатни кутади. Бу нарса юз бермаслиги тайин. У эса худбинлигини енга олмай, фақат бошқаларни айблашга одатланади. Шундай экан, болани ортиқча талтайтириш, ҳар доим ёнини олавериш уни фақат ўзини ҳақ деб биладиган одамга айлантиради, муомалага лаёқатсиз қилиб қўяди. Фарзандимизга яхшиликни истасак, гўдаклигидан одоб ўргатиб, ёмон одатлардан узоқлаштиришимиз керак. Бу борада энг яхши чора ўзимиз намуна бўлишимиздир.
Динимиз мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатли, оқибатли бўлишга буюради. Гина-араз эса яқинлар ўртасида ана шу туйғунинг йўқолишига ва оқибатда оралари бузилиб кетишига сабаб бўлади. Ҳаётимиз давомида арзимас гап-сўзлар сабаб аянчли ҳодисалар юз берганини кўп кузатганмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. То бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунча мўмин бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо қиладиган нарсани айтиб берайми? Ораларингизда саломни кенг ёйинглар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, кишилар доимо бир-бирларига салом бериб, хуш муомала қилсалар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўладилар. Ҳар нарсага аразлаб, яқинлари билан гаплашмай юриш мўминнинг иши эмас. Аллоҳга хуш келмайдиган бундай ишлардан тийилиш лозим. Шунда яқинларимиз ҳурматига сазовор бўлиб, осуда ҳаёт кечирамиз, оғир гуноҳдан сақланамиз.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ даражани айтиб берайми?” дедилар. “Ҳа! Айтиб беринг!” дейишди. “Икки томоннинг орасини ислоҳ қилиш. Икки томоннинг орасини бузиш қирувчидир”, дедилар (Имом Баззор ривояти).
Ҳадиси муборакда уришиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилишнинг даражаси нафл рўза тутгандан, нафл намоз ўқигандан, нафл садақа қилгандан юқорилиги, икки томоннинг ораси бузилиши ҳалокатга олиб борадиган нарса экани айтиляпти. Демак, савоб умидида бўлсак, ўзимиз бошқаларга нисбатан гина-кудурат сақламаслик билан бирга, аразлашиб, адоватлашиб юрган инсонларга ҳам эътиборсиз бўлмаслигимиз, уларни яраштиришга ҳаракат қилишимиз, энг муҳими, одамлар орасига совуқлик туширадиган ишлардан тийилишимиз керак. Жамиятда аҳиллик, бирдамлик таъминланишига хизмат қиладиган бу эзгу амалимиз бизга улкан ажр-савоблар келтиради.
Аллоҳ таоло барчамизни аразлашиш ва қариндошлардан узоқлашиш, гина-кудурат, нафрат, адоватни авж олдирувчи шайтоннинг фитнасидан асрасин.
Тўлқин ШЕРНАЕВ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws