Иймон тарозиси, қалбнинг ҳаёти
Силаи раҳм – қариндошлик, қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш, уларни меҳр-оқибат ва яхшилик билан боғлаб туришдир. Бу улуғ амал инсоний муносабатларнинг энг олий кўринишларидан бири бўлиб, Исломнинг меҳр-муҳаббатга асосланган моҳиятини яққол намоён этади. Қариндошлик алоқаларини асраб-авайлаш иймон камолоти белгиси бўлса, уни узиш динимизда оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Силаи раҳм шунчаки урф-одат ёки ижтимоий одоб эмас, балки Аллоҳ таоло буюрган ибодатдир. Қуръони каримда бу омил Аллоҳга ибодат қилиш ва ширкдан сақланиш каби муҳим амрлар билан бир қаторда зикр этилган: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-онага эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо сураси, 36-оят).
Бу оят силаи раҳм иймоннинг амалий ифодаси, қалб поклиги ва инсон камолотининг муҳим мезони эканини кўрсатади. Мўмин инсон учун қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлаш иймон талаби ҳисобланади.
Афсуски, баъзи одамлар силаи раҳмни фақат қариндошлар ўзаро борди-келди қилиб турган ҳолатдагина бажариладиган иш деб тушунади. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам силаи раҳмнинг ҳақиқий моҳиятини қуйидагича очиб берганлар: «Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи – қариндошлари у билан алоқани узган пайтда ҳам улар билан алоқани боғлайдиган кишидир» (Имом Бухорий ривояти).
Демак, силаи раҳм фақат яхшиликка яхшилик билан жавоб бериш эмас, балки узилишга уланиш, совуқликка илиқлик, адоватга меҳр билан жавоб қайтаришдир. Бу эса сабр, кенгфеъллик ва мустаҳкам иймон белгисидир.
Силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муомала қилиш, уларнинг қувончига шерик бўлиш, мусибатида ҳамдардлик кўрсатиш, муҳтожига ёрдам бериш, ҳолидан хабар олиш, дилозоридан сақланиш, сабр қилиш ва ҳатто ёмонликка учраганда ҳам кечира билишни ўз ичига олади. Бу амал инсон қалбида ҳасад ва адоватни эмас, балки муҳаббат ва раҳм-шафқатни қарор топтиради.
Бугунги кунда айрим аянчли ҳолатлар кузатилмоқда. Айниқса, ота-она вафотидан сўнг ака-ука, опа-сингиллар ўртасида мерос талашиш сабабли келишмовчиликлар чиқиши, муносабатлар совиб, қариндошлар бир-биридан узоқлашиб кетиши кишини ўйга толдиради. Бу ҳолатларда мол-дунёнинг инсон қалбини кўр қилиши жамият учун ҳам оғир йўқотишдир.
Силаи раҳм эса инсон ҳаётига фақат маънавий эмас, балки моддий барака ҳам олиб киради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Насабларингизни ўрганинг, у билан силаи раҳм қиласиз. Зотан, силаи раҳм аҳлга муҳаббат, молнинг зиёдаси ва асарини ортдан қолдиришдир”(Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).
Бу ҳадис силаи раҳм инсон ҳаётига қандай улкан фойдалар келтиришини яққол кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, силаи раҳм – иймон тарозиси, қалбнинг ҳаёти ва жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдеворидир. Қардошлик алоқаларини узиш ҳақида ҳатто ўйлаш ҳам мўминга ярашмайди. Ҳар бир мўмин қўлидан келганча қариндошлари билан алоқани мустаҳкамлаб бориши, яхшилик қилишдан чарчамаслиги лозим. Ана шунда инсон ҳам дунёда баракали ҳаёт кечиради, ҳам охиратда Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлади.
Сайфиддин БОБОҚУЛОВ, Пешку тумани “Малишояк” масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws