Яхшилик
Дам олиш куни Ҳасан дадаси билан бозорга йўл олди. Йўлда бир кекса онахон қўлидаги юкларини кўчанинг нариги томонига ўтказиб беришини сўраб қолди. Ҳасаннинг дадаси дарҳол онахон қўлидаги нарсаларни олди ва енгилроғини унга тутқазди.
Ҳасан ҳайрон бўлиб сўради:
– Дада, нега унинг сумкаларини кўтаряпмиз? Ахир у бегона-ку?
Дадаси:
– Болам, яхшилик қилиш учун инсонни таниш шартмас. Биз яхши амалларни Аллоҳ розилиги учун қиламиз, – деди.
Йўлдан ўтишгач, улар кампирнинг уйи қаердалигини сўрашди. Бозорга яқин маҳаллада истиқомат қилишини билгач, юкларни уйигача олиб боришди. Она хон улардан мамнун бўлиб, дуо қилди. Ота-бола бозорга қайтаркан, дадаси Ҳасанга: – Ўғлим, бошқаларнинг сен учун қилган холис дуолари ижобат бўлади. Шундай экан, одамларга нафинг тегсин, кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсат. Зеро, шу орқали Аллоҳ сени азиз қилади, – деди.
Шундан бери Ҳасан кўча-кўйда оғир юк кўтар ган кекса кишини кўрса, дарҳол ёрдамга шошади.
Нафиса ПАРДАЕВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws