Тарбия дуо билан гўзаллашади
Машҳур тобеин Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳнинг Али исмли ўғли бўлиб, илмга қизиқмас, боқибеғам бола эди. Отаси уни тарбия қилишга ҳар қанча уринмасин, бирор ўзгариш бўлмади. Шунда фарзанди ҳаққига бундай дуо қилди:
Маъноси: “Аллоҳим, мен ўғлим Алини одобли қилишга ҳарчанд ҳаракат қилдим, аммо қурбим етмади, бас, Ўзинг менга уни тарбияли қилиб бер”.
Ушбу дуонинг баракотидан Али ибн Фузайл раҳматуллоҳи алайҳ улуғ олим бўлиб етишди.
Имом Насоий раҳматуллоҳи алайҳ Али ибн Фузайлни “сиқа” (ишончли) “маъмун” (омонатли), деган.
Абдуллоҳ ибн Муборак: “Одамларнинг энг яхшиси Фузайл ибн Иёз, ундан ҳам яхшироғи ўғли Алидир”, деган.
Суфён ибн Уяйна эса: “Мен Фузайлдан ва унинг ўғлидан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиган бирор кимсани кўрмадим”, деган (Сиярул аълам ан-нубало (7/408).
Гоҳида ота-она фарзандининг ахлоқи ёмонлашиб бораётганидан шикоят қилади, унинг иймон-эътиқодли бўлиши учун, хулқ-атворини ислоҳ қилиш йўлларини ахтариб, ўзини ҳар тарафга уради. Фарзанди учун барча шароитни яратганига қарамай, ҳеч қандай натижага эриша олмаётганини айтади. Бироқ кўпчилик фарзандини ислоҳ қилиши мумкин бўлган энг муҳим ва афзал, самарали, натижаси кафолатланган воситани унутади ёки бепарво бўлади. Бу – усул фарзанди ҳаққига рушду ҳидоят ва салоҳият сўраб Аллоҳ таолога доимий тарзда дуо қилиш.
Азиз газетхон! Агар орангизда оломон маданияти ва интернет таъсири ҳар қандай тарбия воситасидан кучли бўлган бу даврда фарзандни солиҳ қилиб етиштириш борасида қийинчилик чекаётганлар бўлса, Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ каби Аллоҳ таолога илтижо қилсин. Зеро, қалблар Аллоҳнинг қўлидадир!
Моҳира ЗУФАРОВА,
ЎзМИ Хотин қизлар масалалари бўйича бўлим бош мутахассиси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws