Икки заиф кураши. Қандай ғолиб бўламиз?
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, фаришталарни у зотга таъзим саждаси қилишга буюрганида, барчаси амрни адо этди, фақатгина Иблис сажда қилмади. У ўзини оқламоқчи бўлди: «(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан, уни (Одамни эса) лойдан яратдинг”» (Аъроф сураси, 12-оят). Оят давоми бундай: «У деди: “Қасамёд этаманки, мени йўлдан оздирганинг сабабли Сенинг тўғри йўлинг (Ислом дини) узра уларни (одамларни чалғитиш учун) кутиб ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан”» (Аъроф сураси, 16–17-оятлар).
Шунинг учун банда Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиб, шайтоннинг ёмонлигидан У Зотдан паноҳ сўраши лозим. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Агар сизга шайтон томонидан васваса қилинса, Аллоҳдан паноҳ сўранг. Албатта, У эшитувчи ва билувчи Зотдир» (Аъроф сураси, 200-оят).
Ойиша онамиз розияллоҳу анҳо айтдилар: «Мен Расулуллоҳдан: “Ё Расулуллоҳ! Ҳар инсоннинг васваса қилувчи шайтони бормиди?” деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Ҳа, ҳар инсоннинг шайтони бор”, дедилар. “Сизнинг ҳам шайтонингиз бормиди, ё Расулуллоҳ?” дедим. У зот: “Ҳа, меники ҳам бор. Аммо Аллоҳ таоло менга шайтоним устидан ёрдам берган, у менга зарар етказа олмайди ва васваса қила олмайди”, дедилар».
Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берилган омонлик Ислом умматига ҳам ато этилган. Бу омонликка суннатга амал қилиш ва шайтон васвасасидан паноҳ сўраш орқали эришилади. Доимо ҳалол луқма, таҳоратли ҳолда юриш, бадан ва кийим поклиги, ҳар куни беш маҳал намоз ўқиш кишига руҳий хотиржамлик бағишлайди. Ким ғафлатда қолиб ёки ортга суриб, дангасалик қилиб шайтон ҳийласига учса, оромини йўқотади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни «заиф» яратганини айтган (Нисо сураси, 28-оят). Шунингдек, шайтоннинг ҳийласини ҳам «заиф» деб зикр қилган (Нисо сураси, 76-оят). Агар икки заиф бир-бири билан курашса, улардан бирига ёрдамчи бўлмаса, иккинчисини енголмайди. Ким улуғ Роббисини таниса, унга малъун шайтоннинг фитнаси зарар бермайди. Қуръони каримда: «Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларгина (йўлдан озиши мумкин)» (Ҳижр сураси, 42-оят), дейилган.
Ким шайтонга итоат этса, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлади, тўғри йўлдан адашиб, қалбида зулмат ва гумроҳлик илдиз отади, иймон нури сўна бошлайди. Ким чин дилдан тавба қилиб, доим Аллоҳнинг тоатида ва зикрида бўлса, Ҳақ таоло унинг қалбини поклайди, дунё ва охиратда унга нур ато этади.
Абдумутал Отабоев,
Жиззах вилояти, фахрий имом
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws