Одамнинг сўзи унинг ўзидир
Сўз эркинлиги – буюк неъмат. Аҳли фикр учун бу сув билан ҳаводай азиз. Бу неъмат бизга берилди. Лекин биз бунга тайёрмизми, деб ўйлаб қоламан. Мен сўз эркинлигини катта масъулият сифатида тушунаман. Ўз сўзингни “бу менинг сўзим” деб айта олиш одамдан маънавий тайёргарликни талаб қилади. Одамнинг сўзи унинг ўзидир.
Қолаверса, мен энг яқин қўшним билан эркин ва бемалол гаплашаётганимда ҳам ҳар бир сўзим учун жавобгарликни ҳис этиб туришим керак. Бизда ички цензура билан маънавий назоратни адаштириш, аниқроғи, алмаштириб юбориш ҳоллари кўпайиб қолди. Тўғри, цензура қабоҳат: у фикрни ўлдиради, одамларни қулга айлантиради, жамиятни таназзул ва ғурбатга етаклайди. Лекин маънавий назоратсизлик ундан ҳам бадтар.
Инсоний онг назорати бор. “Ҳамма нарса мумкин” деган чегарадан разолат ва жоҳиллик, бачканалик ва бемаънилик, керак бўлса, худосизлик бошланади. Ҳозир матбуотда ёки телевидениеда “бунни нотўғри беряпсиз, зарарли нарсани тарғиб қиляпсиз” десангиз, сизни ички цензурасидан енгилган одамга, ҳатто демократия душманига чиқариб қўйишади.
Лекин сўз эркинлиги экан, ҳамма нарса мумкин экан, деб фашизмни ёки беҳаёликни тарғиб қилиб бўлмайди-ку. Бу ҳақда бундан олти юз йил аввал ҳазрат Алишер Навоий айтиб қўйган:
“Олдига келганни емоқ — ҳайвоннинг иши,
Оғзига келганни демоқ — нодоннинг иши.”
Ҳолбуки, кейинги пайтларда оғзига келганни демоқ урф бўляпти. Ҳа, удум эмас, айнан урф бўляпти. Ким кўп гапирса, оғзини йиртиб бақир-чақир қилса, бировнинг ёқасидан олиб бурнини қонатса, ўзидан сохта қаҳрамон ясаса, у демократ бўлиб қолмайди.
Хатарлиси, “фикр” ниқобидаги фитналар пайдо бўляпти. Бундай фитналар ўзини “мен эркин фикрман” деб бонг уряпти ва баъзиларни чалғитиб юборяпти. Аҳмоқ одам учун сўз эркинлиги уруш ва жанжалдан бошқа нарса эмас. Унга қолса, оғзига келганини жавраса, ёмон кўрганини истаганича сўкса.
Шундай тоифалар пайдо бўляптики, улар учун цирк саҳнасида қилиқ кўрсатаётган маймуннинг ўйини ҳам, фожиага учраб машинасида тириклай ёниб кетаётган бир одамнинг жон талвасаси ҳам битта нарса — томоша. Бу томошани тезда телефон камерасига тушириб олсалар-да, ҳаммага тарқатсалар, дунёни бузиб жар солсалар — ана ишу мана иш!
Кейин нима бўлади? Кейин ит ҳуради, булбул тўхтайди.
Ижтимоий тармоқларда, экранларда айтишга тил бормайдиган хабарлар карнай-сурнай садолари остида тарқатиляпти: эрини пичоқлаб ўлдирган хотин, ўз ўқитувчисини аямай калтаклаган ўқувчилар, ўз укасининг хотинига кўз олайтирган ака ва ҳоказо, ҳоказо.
Ёмони, бундай хабарларни айтаётган тўтиларнинг тилида дард эмас, завқу шавқ кўпчиликдир, гўё оламшумул кашфиётни эълон қилаётгандек. Гўё бутун ҳаёт шундай иллатлардан иборатдай.
Дарҳақиқат, “Иллат излаганга иллатдир дунё!”
Ахир, булар ҳаётда бўлаётган воқеалар-ку, одамларни бундай ишлардан хабардор қилиш керак-ку, дерсиз. Лекин ёмон хабарни бундай етказмайдилар.
Асло! Қолаверса, бир нарса аниқ:
Кўз ўрганаверса, қотиллик ҳам мудҳиш жиноят саналмай қолади.
Кўз ўрганиб қолса, фаҳш ҳам оғир гуноҳ бўлмай қолади.
Кўз эса кўп нарсани ҳаётдан эмас, экрандан ўрганяпти.
Экран ҳаётни кўздан ҳайдаб чиқаряпти.
Менинг назаримда, ҳар қандай жамиятда, ҳатто у мукаммаллик сари жадал бораётган бўлса ҳам, маънавий назорат, маънавий тақиқлар бўлиши керак. Чунки маънавий назорат Аллоҳ таоло ва иймон билан боғлиқ бир ишдир.
Инсон ҳуқуқи буюк тушунча. У ҳамиша башариятнинг диққат марказида бўлиши, ҳимоя қилиниши, азиз ва мукаррам тутилиши шарт. Лекин инсон ҳуқуқи ниқоби остида баъзан инсон аблаҳлиги ва ахлоқсизлиги ҳам яшириниб оляпти ва ўзини ҳимоя қиляпти.
Бугунги кунда бир жинсли никоҳни ҳам, кўчада қип-яланғоч юришни ҳам, кекса ота-онани қариялар уйига олиб бориб ташлашни ҳам, эл олдидаги шармандалик ва шаллақиликни ҳам “ҳар кимнинг ўз хоҳиши, ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи” деган гап билан андавалаш мумкин бўляпти. Бу эса дунёни бузмоқчи бўлганларга, ҳаёт бузғунчиларига қўл келади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш дегани инсонийликдан ташқаридаги ҳолатларни ҳимоялаш дегани эмас-ку.
Нега бундай бўляпти, деб ўйга толасан. Нега биз азиз тутган туйғулар дарз кетяпти? Маънавиятнинг азалий олтин қоидалари эскириб қолдимикин? У ҳолда шу тутумларни маҳкам тутган ва авайлаб бизга омонат қолдирган боболарга нима деймиз? “Кечирасизлар, бу бизга тўғри келмади, омонатингиз ўзингизга сийлов”, деймизми?
Энди саккиз яшар болакайга бобоси ва бувисининг меҳр тўла кўзларидан кўра қўлидаги телефоннинг юзи қизиқарли эканини ХХI асрнинг мўъжизаси сифатида изоҳлаймизми?
“Оммавий маданият” таъсирими, интернет, кино ёки ТВ таъсирими — кейинги даврларда биз мутолаа маданиятидан жудо бўлиш даражасига етиб келдик. Ҳолбуки, айнан шу мутолаа маданияти бизнинг маънавий устунларимизни сақлаб келаётган эди. Мутолаа маданиятидан жудо бўлиш — ҳамма маданиятдан мосуво бўлишдир.
Хайриятики, бу масалага Президентнинг шахсан ўзи эътибор қаратди. Китоб билан юзма-юз келиш — инсоннинг ўз-ўзи билан юзма-юз келиши, ўз-ўзини тафтиш этишидир. Ўз-ўзини тафтиш қилмаган одам ривожланмайди. Одам ривожланмаган жойда жамият ҳам ривожланмайди.
(Давоми бор)
Эшқобил Шукур,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws