Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди
Бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Шайхонтоҳур спорт мактабида диний соҳа ходимлари ўртасида спортнинг волейбол ва шахмат турлари бўйича “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” мусобақаларининг республика босқичига старт берилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари томонидан ўтказилган саралаш мусобақаларида ғолиб бўлган жамоалар, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари вакиллари ҳамда вилоят бош имом-хатиблари иштирок этмоқда.
Мусобанинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, ушбу мусобақа республика бўйлаб диний соҳа вакилларини бир майдонга жамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани, динимиз спорт билан шуғулланишга чақиришини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, беллашувлар манфаатли ва баракали ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Мусобақалар Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари тасдиқлаган тартиб-қоидалар асосида нимчорак финал, чорак финал, ярим финал ҳамда финал босқичларида ўтказилмоқда. Финал учрашувлари эртага бўлади.