УМОРА ИБН ҲАЗМ розияллоҳу анҳу
Умора ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу Мадинада Исломнинг ёйилиши учун чин дилдан ғайрат кўрсатган саҳоба. Иккинчи Ақаба байъатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлашга ваъда берган 75 кишилик жамоа аъзоси.
Умора ибн Ҳазм Мадинада туғилиб ўсди. Хазраж қабиласининг Бани Нажжор уруғига мансуб. Отаси қабиланинг улуғларидан эди. Онаси эса Бани Соида аҳлидан Холида бинти Абу Унайс.
Биринчи Ақабада байъат берган мусулмонлар Мадинага қайтгач, шаҳарда янги динни тарғиб этганларида Умора ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилди. Умора ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу Абу Айюб Ансорийнинг қўшниси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб, Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйига жойлашгач, тез-тез у зотнинг ҳузурларига кириб, хизматларини қилиш бахтига муяссар бўлди.
Набий алайҳиссаломни ўз уйига таклиф қилар, имкон топиши билан у зотга ҳадялар улашарди.
Умора розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлашни ўзига вазифа қилиб олди. Бирор хавф-хатарни сезиб қолса, у зотнинг эшиги олдида қўриқчилик қиларди. Расулуллоҳ алайҳиссалом уни муҳожирлардан Муҳриз ибн Надла розияллоҳу анҳу билан биродар тутинтирдилар.
Умора розияллоҳу анҳу баъзан беғубор ҳазилга мойил бўларди. Хандақ ғазотида барча мусулмонлар ер қазиш билан банд эди. Ўн беш ёшли Зайд розияллоҳу анҳу тупроқ ташийвериб, жуда ҳориди, бир ора кўзи илинди. Саҳобаларнинг раҳми келиб, уни уйғотмай, ишларида давом этишди. Умора розияллоҳу анҳу унинг қурол-аслаҳасини беркитиб қўйди.
Зайд розияллоҳу анҳу уйғонгач, ҳаяжон билан қуролини қидира бошлади. Топа олмагач, қўрқувга тушди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ёнларига чақирди. Табассум қилганларича бундай дедилар:
– Уйқучи, сен ухлаганингда қурол-аслаҳанг йўқолиб қолди! Кейин саҳобаларга қараб деди:
– Бу боланинг қуроли қаердалигини ким билади? Умора розияллоҳу анҳу дарҳол:
– Расулуллоҳ, мен биламан, улар менда! – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умора розияллоҳу анҳуга:
– Эй Умора, қуролларини унга қайтариб бер, – деб буюрдилар. Кейин барча саҳобаларга ҳаёт сабоғини бердилар: “Ҳазиллашиб бўлса ҳам мусулмонларни қўрқитиш, бирор нарсасини олиб беркитиш ҳалол эмас” (Имом Ҳоким ривояти). Умора розияллоҳу анҳу Макка фатҳи ва Табук сафарларида байроқдор бўлди. Сафар чоғида фитна чиқарган мунофиқларни сафдан чиқариб ташлади. Чунки мушриклар имкон топишлари билан фасод ва нифоқ уруғларини сочишга ҳаракат қилишарди. Мунофиқлардан бири – асли яҳудий бўлган Зайд ибн Лусайд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари йўқолиб қолганидан фойдаланиб, фитна чиқаришга уринди.
Умора розияллоҳу анҳу уни ўз қўшини сафидан чиқариб ташлади. Умора ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан учта ҳадислар ривоят қилган. Умора ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «“Расулуллоҳ алайҳиссалом мени бир қабр устида ўтирганимни кўриб, бундай дедилар: “Қабр устидан тур, эгасига азоб беряпсан!”» (Имом Ҳоким ривояти).
Яна бир ривоятда эса бундай дейилади: Табук сафари чоғида Бани Нажжорнинг байроғини Умора ибн Ҳазм розияллоҳу анҳуга берган эдилар. Лекин Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни кўргач, байроқни унга бердилар. Умора розияллоҳу анҳу: – Ё Расулуллоҳ, мендан ранжидингизми? – деди. Пайғамбар алайҳиссалом:
– Йўқ, ундай эмас. Фақат сен ҳам Қуръонни ўрган! Зайд Қуръони каримни сендан кўпроқ ёдлаган. Бурни кесилган қора қул бўлса ҳам, Қуръони каримни кўпроқ ёдлаган бўлса, уни бошқалардан устун кўраман!” дедилар.
Умора розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг онаси Наввор бинти Малик билан оила қурган, улар Малик исмли ўғил кўришган.
Видолашув ҳажида иштирок этган Умора ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз вафотларидан кейин ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга байъат қилган илк мусулмонлардан бўлди. Кейинчалик пайғамбарлик даъвосини қилган кимсаларга қарши курашди. Мусайламатул каззобни йўқ қилиш вазифаси топширилган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу қўшинига қўшилди. 633 йилда Мусайламанинг ўлдирилиши билан якунланган Ямома жангида шаҳид бўлди.
Манбалар асосида Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-*сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws