Бешта шаҳар, тўрт юз минг киши ҳалокати
Лут алайҳиссалом Ўлик денгизга яқин Садум шаҳри аҳлига пайғамбар қилиб юборилган эди. Бу қавм Аллоҳни инкор қилиб, ўта бузуқ ва фаҳш ишларга берилган. Улар Ер юзида аввал ҳеч ким қилмаган жирканч гуноҳларни очиқ-ойдин амалга оширарди. Улар хотинларни ташлаб, эркакларга шаҳват билан яқинлашар, мусофирларга тажовуз қилар, йиғинлари ва мажлисларида ҳаёсиз ишларни қилишарди.
Лут алайҳиссалом қавмини фаҳш ишлардан қайтариб, Аллоҳдан қўрқишга чақирган. Аммо улар пайғамбарни ёлғончига чиқариб, ҳатто: «Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтир!», деб масхара қилишган (Анкабут сураси, 29-оят).
Лут алайҳиссалом уларга қайта-қайта насиҳат қилди, тавбага чақирди, азоб билан қўрқитди. Лекин қавмнинг қалблари қотиб, исён ва туғёнда янада ҳаддан ошишди. Натижада Лут алайҳиссалом Раббисига илтижо қилиб: «Эй Раббим! Бу бузғунчилар қавми устидан Ўзинг мени ғолиб қил!» (Анкабут сураси, 29-оят) деб дуо қилди. Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломга ёрдам бериш ва қавмини ҳалок қилиш учун Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳимуссаломни юборди. Улар аввал Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига бориб, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳимассалом ҳақларида хушхабар беришди, сўнг Садум шаҳри томон йўл олишди.
Фаришталар Садумга ёш йигитлар қиёфасида келиб, Лут алайҳиссаломнинг уйида меҳмон бўлишди. Лут алайҳиссалом қавмининг бузуқлигини яхши билгани учун меҳмонлар ҳузурида қаттиқ хавотирга тушди. Афсуски, унинг аёли меҳмонлар ҳақида қавмга хабар берди. Шунда шаҳар аҳли уй томон югуриб келишди ва меҳмонларга тажовуз қилишни исташди. Лут алайҳиссалом уларни тўхтатиб: «Эй қавмим! Ана улар – қизларим, (уларга уйланингиз) улар сизлар учун покроқдир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва меҳмоним олдида мени шарманда қилмангиз! Сизларда бирорта тўғри йўл топган киши йўқми?!» (Ҳуд сураси, 78–оят) деб уларни меҳмонларга тегмасликка даъват қилди. Аммо саркаш қавм бу таклифни рад этиб, бузуқ мақсадларини амалга ошириш ниятида қатъий турди.
Шунда Лут алайҳиссалом ўзини ожиз ҳис қилиб: «Қани эди, сизларга қувватим етса ёки кучли бир суянчиққа суяна олсам…» (Ҳуд сураси, 80-оят) деб, афсусда эканини билдирди. Шу пайт фаришталар ўзларини танитиб, у кишига тасалли беришди ва: “Биз Раббингнинг элчиларимиз, улар сенга ҳеч зарар етказа олмайди”, дедилар. Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом қавмни жазолашга рухсат сўради ва уларнинг кўзлари кўр қилинди.
Фаришталар Лут алайҳиссаломга: «Эй Лут! Биз Раббингнинг элчиларимиз. (Қавминг) сенга сира ета олмаслар (тега олмаслар). Бас, туннинг бир қисмида оилангни олиб кет! Сизлардан бирор киши ортига қарамасин!..» (Ҳуд сураси, 81-оят) деб амр қилди.
Саҳар пайти Жаброил алайҳиссалом, бошқа ривоятда Микоил алайҳиссалом, қанотини улар яшаган ер ва бешта шаҳарнинг тагига киритиб, осмонга кўтарди. Ҳатто осмондагилар уларнинг итлари увиллашини ва хўрозларининг қичқиришини эшитишди. Кейин фаришталар бу шаҳарларни остин-устин қилди. Шу билан бирга, шаҳарларда ҳозир бўлмаган бузғунчи кимсаларга ҳам тошлар ёғдирилиб, улар ҳам ҳалок қилинди. Шу орада Лут алайҳиссаломнинг аёли вайроналар товушини эшитиб: “Вой, қавмимга зиён етди”, деб йиғлаб сиқилди. Шунда осмондан тушган бир тош унга ҳам тегиб, тил тортмай ўлди. Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг аёлидан ташқари, иймон келтирган аҳлини омон қолдирди.
Ривоят қилинишича, бу шаҳарларда тўрт юз минг киши яшарди. Иброҳим алайҳиссалом бу шаҳарларнинг баланд жойига чиқиб: “Бир кун Садум ҳалок бўлади”, дер эдилар. Лут қавми яшаган шаҳарлар бешта бўлиб, улар: Садум, Сабъа, Умра, Дума ва Саводир. Уларнинг энг йириги Садум эди. Лут алайҳиссаломнинг қавми баччабозликдан ташқари яна маънавий бузуқлик ва одобсизликнинг барча турларидан сақланмас эди. Шу боис Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилди. Бу каби қиссалар барчага ибрат бўлиши керак.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан