Ишни ортга суриш фақат дангасаликми?
Ҳар куни тонгда югуришни, жисмоний машқлар бажаришни режалаштираман. Аммо эртага бошлайман, деб юраверибман. Энди қарасам, неча йиллар ўтиб, ҳозир эса нафақага чиқиш арафасидаману, аммо ҳали ҳам эртага бошлайман дейман. Менинг бу ишим ҳали ҳолва, неча миллионлаб инсонлар намоз ва шу каби муҳим ишларини шундай ортга суриб юрибди…
Ортга суришнинг руҳий асослари Канаданинг Торонто университети профессори Тимоти Пичил тадқиқотларига кўра, кечиктириш – ҳис-туйғуларни бошқариш муаммоси. Инсонлар зерикарли, мураккаб ёки хавотирга соладиган юмушларга дуч келса, ану шу салбий ҳислардан қочиш учун ўша ишни ортга суради. “Бошқа пайт қиламан” дея ўзини алдайди, қисқа муддатли хотиржамлик учун узоқ муддатли мақсадларидан воз кечади. Лекин эртага барибир шу муаммо билан юзлашади.
Нейробиология нуқтаи назаридан, кечиктириш инсон хулқида юқори даражадаги ақлий фаолиятларга жавоб берадиган ҳамда қўрқув, тажовуз ва диққинафасликларни бошқаришда муҳим роль ўйнайдиган сезги аъзоларига таъсир қилади. Ақлий фаолият узоқ муддатли режалаштиришга масъул бўлса, туйғуларни бошқарадиган сезги аъзоси ҳиссий муносабатларни бошқаради. Кечиктириш айнан шу икки тузилма ўртасидаги мувозанат бузилганда юзага чиқади (Sirois & Pychyl, 2013).
Шунингдек, бунда дофамин1 тизимининг ҳам таъсири бўлади: дастлабки мукофотнамо нарсалар миянинг мукофотга муносабат марказини фаоллаштиради ва инсонни қисқа муддатли қониқиш берувчи ҳаракатларга йўналтиради (масалан, ижтимоий тармоқлар билан машғул бўлиш), узоқ муддатли мақсадлар эса орқага сурилади.
Руҳиятшунослар бу одатни тарк этиш учун вазифаларни кичик бўлакларга бўлиш фойдали эканини айтишади. Уларнинг таъкидлашича, охирига етмаган чала ишлар онгни кўпроқ банд қилади. Шу сабабли катта вазифаларни кичик, қисмларга бўлиб бажариш кишига мотивация, яъни кўтаринкилик бағишлайди.
Дангасаликни енгишнинг яна бир йўли режали иш қилишдир. Аниқ вазифаларни соатларга боғлаш ва “ҳалироқ қиламан” деган мавҳумликдан воз кечиш лозим.
Ҳосили калом, ортга суриш психологияси бу – фақат танбаллик эмас, балки ҳиссий ҳолатни енгиш учун ишлатиладиган бир усулдир. Бу усул кўп ҳолларда бизга зарар келтиради. Шунинг учун бажарилиши лозим бўлган ишларни ортга суриш ўрнига кичик қадамлар билан бўлса ҳам, ишга киришиб дангасаликни енгиш керак. Бу бир кунда бўладиган иш эмас, лекин ҳар куни олдга бир қадам ташлаш катта натижа беради. Чунки ҳақиқий муваффақият барқарор интизом ва сабртоқат билан эришилади.
Динимиз ҳам бу иллатга қарши муросасиз бўлишни буюради. Раббимиз Ўз каломида эринчоқ кимсаларни таърифлаб: “Қачон намозга турсалар, дангасалик билан, одамлар кўрсин деб турадилар ва Аллоҳни камданкам эслайдилар” (Нисо сураси, 142- оят), деган.
Демак, бундай кимсалар ишюмушларда каттароқ натижаларга эриша олмагани камдек, ибодатга ҳам ялқовлик қилади. Яъни дунё ишларига ялқов кимсалар охират ишига ҳам сертараддуд эмас. Бунинг оқибати эса яхшилик билан тугамайди. Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом Аллоҳ таолодан дангасаликдан кўп бора паноҳ сўраганлар ва бизни ҳам ушбу дуо билан илтижо қилишимизга тарғиб қилганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳим, мен Сендан ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик, заъифлик ва бахилликдан паноҳ сўрайман…” (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, бу иллатдан ўзимизни ҳам, фарзандларимизни ҳам асраш учун мазкур дуони кўп ўқиб, умримизнинг ҳар сониясидан унумли фойдаланиш пайидан бўлайлик.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан