Исрофчининг иши ношукрликдир
Умид талаба бўлишига қарамай, тез-тез янги кийим сотиб олади. Қизиғи, уст-бош дарров “эскириб” қолаверади. Ота-онаси унинг пул сўрашидан безор. Умиднинг эса кўчада пўрим бўлиб юриш, уйга келганда телефон титкилашдан бошқа нарсага ҳафсаласи йўқ. Илм ўрганиш, мутахассислигини пухта эгаллаш ҳақида бош ҳам қотирмайди…
Ўйлаб қарасак, ёшларимиз орасида бундай ҳаёт тарзини танлаганлар оз эмас. Улар нафақат ота-онасининг маблағини, балки олтиндан ҳам қиммат вақтларини ҳам исроф қилишмоқда. Энг ёмони, бундай ёшлар ҳеч нарсани қадрламасликка одатланиб қолишади.
Ислом дини инсонни меъёрга, қаноат ва масъулиятга даъват этади. Ҳар бир неъмат – Аллоҳнинг омонати. Уни ўринсиз сарфлаш, эҳтиёждан ортиқча ишлатиш исрофдир. Исроф инсофсизлик, лоқайдлик, ўзини кўз-кўзлаш, дабдабага берилиш оқибатидир. Исрофчининг иши ношукрликдир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло: «…Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай» (Аъроф сураси, 31-оят), деб огоҳлантиради. Бу оят исроф фақат иқтисодий зарар эмас, балки маънавий иллат эканини ҳам англатади.
Ҳой-ҳавас инсонни кераксиз нарсаларга ундайди. Тўй-маъракалардаги керагидан ортиқ сарф-харажат, “одамлар нима дейди” деган хаёл билан қилинган ишларнинг барчаси исрофга олиб боради. Бундай ҳолатда инсон қаноатдан узоқлашиб, нафснинг ёмон истакларига эргашиб кетади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда камтар бўлганлар. У зот овқатланишда, кийинишда, ҳатто ибодатда ҳам меъёрга чақирганлар.
Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Исрофга йўл қўймай ва такаббурлик қилмаган ҳолда е, ич, кийин ва садақа қил”, деганлар» (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти).
Исрофнинг зарари фақат мол-дунёнинг совурилиши билан чекланмайди. У инсон қалбида кибр, манманлик ва рақобатни кучайтиради. Ҳою ҳавас билан қилинган сарф-харажат инсонни қарзга ботишга, руҳий босим остида яшашга мажбур қилади. Исрофдан тийилган киши барака топади. Кам сарфлаб, лекин оқилона иш тутган хонадонда файз бўлади. Қаноатли инсон берилган неъматларга шукр қилади, ортиқча ташвишдан холи бўлади. Ҳаёти нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам тўкис кечади.
Меъёр борасида динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшасак, ҳам ўзимизни, ҳам жамиятимизни ортиқча юкдан сақлаган бўламиз. Исрофдан тийилиш – фақат иқтисодий тежамкорлик эмас, балки иймон ва ақл талаби ҳамдир.
Турсуной САТТОРОВА,
Қўшкўпир тумани
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан