Денгиз тубидаги тўлқинлар
Қуръони каримда: “Ёки (кофирларнинг қилган амаллари) қаватмақават тўлқин ва унинг устида (қора) булут қоплаб олган сермавж денгиздаги зулматларга ўхшайди. (Улар) устма-уст зулматлардир: қўлини чиқариб (қараса), уни кўра олмас. Кимга Аллоҳ нур (иймон) бермаса, бас, унинг (учун) ҳеч қандай нур йўқдир”, дейилган (Нур сураси, 40-оят).
Имом Табарий бундай дейди: «Ушбу оятда Аллоҳ таоло кофирларнинг амалларига яна бир мисол келтирди. Ҳақ таоло: “Бу кофирларнинг амаллари – хатолик, бузуқлик, адашиш ва ҳидоятсизлик асосига қурилган амаллар – жуда чуқур, суви кўп денгиз қоронғилигига ўхшайди”, деган. “Лужжий” деб аталиши унинг улкан, чуқур эканлигидир.
“Устини тўлқин қоплаган” – яъни денгизни бир тўлқин қоплаган. “Унинг устида яна тўлқин” – биринчи тўлқин устида яна бошқа тўлқин бор.
“Унинг устида булут” – иккинчи тўлқин устини булутлар қоплаб туради».
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, денгиз қуйи қатламларидаги қоронғилик даражаси чуқурлик
ортиши билан янада ортади. Тахминан 200 метр чуқурликдан бошлаб тўлиқ қоронғилик
ҳукм суради. Шу ерда денгиз юзасидаги илиқ сув қатлами билан чуқурликдаги совуқ сув қатлами ўртасида термоклин деб аталадиган ўтиш қатлами пайдо бўлади. Шу ерда ички тўлқинлар мавжуд бўлиб, улар денгизнинг чуқур совуқ қатламини қоплаб туради.
1000 метр чуқурликда эса қоронғилик янада қалинлашади. Ушбу чуқур қатламларда Аллоҳ таоло яратган денгиз мавжудотлари ва балиқлар яшайди; уларда қоронғида кўриш ва ўлжасини тутиш учун нур берадиган тана аъзолари мавжуд.
Денгиз тубини ички тўлқинлар қоплаган бўлиб, бу тўлқинлар чуқур сув билан юзага яқинлиги
орасидаги табиий чегарани ташкил этади. Денгиз юзасида эса одатдаги тўлқинлар мавжуд бўлиб,
улар сув билан ҳаво орасида чегара ҳосил қилади.
Улар соатига тахминан 2,4 км тезликда секин ҳаракатланади, аммо баландлиги жуда катта – гоҳо 305 метргача етади.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws