Эшони Мударрис
Ўзбекистон улуғ олиму уламолар диёридир. Шундай етук уламолардан бири Эшони Мударрис Мавлоно Саййид Нуриддинхожа Чўроший бўлиб, у зотнинг динимиз ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлари эътирофга сазовор.
Нуриддинхожа 1861 йилда Наманган вилояти Косонсой туманида зиёли оилада дунёга келган. У киши Фотимаи Заҳро онамиз воситасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб, у зотга 35-авлод бўлади. Нуриддинхожа аввало отаси кўмагида Қуръонни ёд олди ва ҳофизлик мақомига етди. Кейинчалик Наманган уламоларидан таълим олди.
Сўнгра Бухоро мадрасаларида мударрислик қилди. Илми ва фазилати билан Бухоро амирининг эътиборига тушиб, саройга таклиф қилинди. Аммо у зот дунёвий мансабни эмас, маънавий камолни танлаб, 1901 йилда ҳаж сафарини ният қилди.
Ҳаж сафари давомида у зот турли юрт уламолари билан мулоқотда бўлиб, маънавий камолотга етди. Ҳаждан қайтгач, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Абдулвалихожа Ургутий ҳузурида бўлиб, нақшбандия тариқати сир-синоатларини мукаммал ўрганди. Шу ерда тарбия ва иршод синовларидан ўтиб, муршидидан ижоза олди ва хожагон силсиласида 31-пир сифатида эътироф этилди.
Эшони Абдулвалихожа Ургутий у зотни “Эшони Мударрис” деб улуғлаган. Бу ном кейинчалик улуғ шайхнинг лақабига айланди.
Эшони Мударрис 1903 йилда Даҳбед яқинидаги ҳозирги Пайариқ туманида масжид ва мадраса қурилишини бошлаб, 1904 йилда уни илм масканига айлантирди. Бу мадраса нафақат диний илмлар маркази, балки замонавий фанлар ҳам ўқитилган маърифат ўчоғига айланди.
Мадрасада талабалар учун барча шарт-шароитлар яратилди. Хотин-қизлар учун ҳам алоҳида таълим имкониятлари ташкил этилди. Ушбу жойда нафақат маҳаллий, балки Афғонистон, Жиззах, Наманган, Андижон, Бухоро ва Хўжанддан келган талабалар ҳам таълим олган.
Нуриддинхожа ҳазратлари ўзининг шахсий кутубхонасидан уч мингга яқин нодир китобни мадрасага вақф қилиб, толиби илмлар учун очди. Бу китоблар турли илмий йўналишларни қамраб олган бўлиб, талабалар салоҳиятини бойитган.
Туркистонда мустамлака сиёсати кучайган даврда Эшони Мударрис илм-маърифат орқали халқни иттифоқ ва тинчликка чақирди. 1916 йилдаги халқ қўзғолонида у зот сабр ва огоҳликка даъват қилиб, жамоани фитнадан сақлаб қолди.
Совет ҳокимияти ўрнатилганидан сўнг диний муассасалар фаолияти чекланди. 1929 йилда шайх мадрасани ёпиб, барча мол-мулкини муҳтожларга хайрия қилди.
1929 йилдан кейин у зот қисқа муддат Жиззах ва Самарқанд атрофларида яшаб, Наманганга қайтди. Бу даврда ҳам илм-маърифат тарқатишни тўхтатмади, балки шогирдлар тарбиясини давом эттирди.
Нуриддинхожа ҳазратлари аҳолини меҳнатга, ҳалол ризқ топишга чорлаб, ўзи атлас ва бўз матолар тўқиб кун ўтказган. Чакалакзор ерларда боғлар барпо этиш ишларига бош-қош бўлган.
Мавлоно Саййид Нуриддинхожа Чўроший 1940 йилда, 82 ёшида оламдан ўтиб, Пайариқ туманидаги “Чор пири Дастгир” қабристонига дафн этилган. Бугун у кишининг қабри обод зиёратгоҳдир.
У зотнинг “Девони Ҳафизий”, “Тиббий рисола”, “Мавлоно Саййид Нуриддинхожа маноқиби”, “Саййид Абдулҳафизхожа Ҳафизий маноқиби”, “Аҳлуллоҳ зотлар тазкираси”, “Мавлудун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам” асарлари бугунги ёш авлодни маънавий камолга етаклашда муҳим аҳамият касб этади.
Бурҳониддин РАҲИМОВ
“Ҳидоят” журналининг 2023 йил 1-сонидан