Ҳажжож ибн Илот розияллоҳу
Ҳажжож ибн Илот розияллоҳу анҳу заковатли инсон эди. Исломга киргач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ижозати ила қарзларни ундириш мақсадида сиёсий заковатидан фойдаланди ва Макка мушрикларини ўзига хизмат қилдирди…
Ҳажжож ибн Илот розияллоҳу анҳу Бани Сулайм қабиласидан. Ушбу қабила ерларидан олтин кавлаб олди. Маъдан закотини бериш илк бор унга насиб этди. Унинг Исломга кириши бундай бўлди…
У қабиладошлари билан Маккага кетаётган эди. Кеч тушганида кимсасиз водийда тўхтадилар. Дўстлари Ҳажжождан навбатда туришини сўрашди. У таклифни қабул қилиб, атрофни айлана бошлади ва ўзига ўзи: “Мен ва биродарларим соғ-саломат манзилга етиб олгунча Аллоҳдан паноҳ тилаймиз”, дерди тинмай. Бир вақт кимдир бундай деганини эшитди: «Эй жинлар ва инсонлар жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва Ер ҳудудларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангиз, ўтиб кетаверингиз! Куч-қудратсиз (улардан) сира ўтиб кета олмагайсиз!» (Ар-Раҳмон сураси, 33-оят).
Бу муқаддас сўзлар ояти карима эканидан хабарсиз Ҳажжож уни ёдлаб олди. Маккага боргач, у ерда зодагонлар билан бир мажлисда қатнашди ва тунда бўлиб ўтган воқеани уларга айтиб бериб, ояти каримани ўқиди. Шунда қурайшликлар унга: “Эй Илот! Сен адашибсан! Муҳаммад ҳам бу сўзларни ўз Аллоҳи томонидан нозил қилинганини айтмоқда” деб, гапига эътибор беришмади.
Бу воқеа унга қаттиқ таъсир қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинада эканларини билгач, вақтни бой бермай, йўлга тушди. Мадинаи мунавварага келганида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Хайбарда эканларидан хабар топди. Хайбарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиб, Исломни қабул қилди. Хайбар фатҳида иштирок этди.
Ҳажжож ибн Илот розияллоҳу анҳу бадавлат тижоратчи эди. Чунки унинг Маккада кўп танишларида ҳақи бўлиб, оиласи ва бойлиги ҳам ўша ерда эди. Ҳам қарзларини ундириш, ҳам оиласи ва мулкини олиб, Мадинага қайтишни хоҳлади. Шу сабабли Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб: “Ё Расулуллоҳ, бир неча маккаликда ҳақим бор. Агар рухсат берсангиз, уларни олиб, қолган мулким билан Мадинага қайтиб келмоқчиман”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга рухсат бердилар.
Ҳажжож розияллоҳу анҳуни хижил қилган, онгу шуурини ўғирлаган бир масала бор эди. Буни ҳам у зотдан сўраб олиши лозим эди: “Ё Расулуллоҳ, агар мушриклар мусулмон бўлганимдан хабар топсалар, менга ҳеч нарса бермайдилар. Молларимни қайтариб олишим учун сиз ҳақингизда номуносиб сўзлар айтишга тўғри келиб қолиши мумкин. Бу ҳақда нима дейсиз?” У зот бу борада ҳам рухсат бердилар.
Ҳажжож розияллоҳу анҳу жуда ақлли инсон эди. Бунинг устига сиёсатни яхши биларди. Шу сабабли вазиятни ўз фойдасига ҳал қилишга уста эди. Қарзларини қандай ундиргани ҳақида унинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «Ўша кунлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Хайбарга юриш қилганларидан мушриклар хабардор эди. Фақат сўнгги воқеаларни эшитишмаган, менинг мусулмон бўлганимни билишмасди. Маккага боришим билан атрофимни ўраб олиб, турли саволлар сўрай бошлашди. Расулуллоҳдан рухсат олганим сабабли уларни хурсанд қиладиган гаплар айтдим: “Муҳаммад ва унинг издошлари ҳозиргача жанг қилишни хайбарликлардек яхши биладиган бирор қавм билан учрашмади. Хайбарликлар ўн минг кишилик қўшин тўплашди. Мусулмонларни қиличдан ўтказишди. Мусулмонлар мағлуб бўлиб, Муҳаммад асир тушди”, дедим. Бу гапларни эшитган мушриклар севиндилар. Кейин қуйидагиларни қўшимча қилдим: “Хайбарликлар Муҳаммадни маккаликларга юбориб, қатл этилган одамларингиз учун уни сизлар ўлдиришингизни исташмоқда”.
Макка мушрикларини асоссиз хабарлар билан хурсанд қилгач, мақсадга ўтдим: “Сизлар ҳам менга ёрдам беринг. Оладиганларимни тезроқ йиғиб, мусулмонларнинг молларини бошқа савдогарлардан аввал сотиб олай!”
Улар севиниб, пулларимни тез фурсатда йиғиб беришди».
Ҳажжож розияллоҳу анҳу ишларини шу йўсинда битирди, Маккадаги бойликларини тўплади. Бироқ унинг хабарларидан Маккадаги мусулмонлар қайғуга ботишди. Аббос розияллоҳу анҳумонинг бу ёмон хабардан аҳволи оғирлашиб уйига қайтди. Қулини Ҳажжож розияллоҳу анҳунинг ёнига жўнатиб, у билан кўришмоқчи эканини маълум қилди. Ҳажжож розияллоҳу анҳу Аббос розияллоҳу анҳумо билан кўришиб, вазиятни тушунтирди. Бир неча кун сир тутишини сўради. Сўнг Мадинага йўл олди.
Аббос розияллоҳу анҳу уч-беш кун ўтиб, Каъбага борди. Мушрикларни ғафлатда қолдирган хабарлар ёлғон эканини айтиб, аслида хайбарликлар мағлуб бўлганини, мусулмонлар эса зафар қозонганларини айтди.
Ҳажжож ибн Илот розияллоҳу анҳу келтирган молларининг закотини берди. Мадинада ўзларига бир уй ва бир масжид қурди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг Ҳумусга кетиб, ўша ерда яшади. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг илк йилларида вафот этди.
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан