Шайх Юсуфхонтўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги: ибратли ҳаёт йўли хотирланди
16 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Шайх Юсуфхонтўра Шокиров таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Ислом маърифати ва тинчлик тарғиботчиси” мавзусида анжуман бўлиб ўтди.
Хотира тадбирида Диний соҳа раҳбарлари, фахрий уламолар, академик, профессорлар, шунингдек, уламонинг шогирдлари, оила аъзолари ва яқинлари иштирок этди.
Анжуман Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Маросим аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзга чиқиб, иштирокчиларни ташрифлари ва яқинлашиб келаётган Рамазон ойи билан қутладилар.
Муфтий ҳазратлари ўз сўзида юртимиз тараққиётининг янги даврида аждодларимизни эҳтиром қилиш, улар қолдирган бой маънавий-илмий меросни халқимизга, айниқса ёш авлодга етказиш борасида кўламли ишлар амалга оширилаётгани, узоқ йиллар дину диёнат йўлида фидокорона хизмат қилган устоз – Шайх Юсуфхонтўра Шокиров таваллудларининг 100 йиллигини муносиб нишонлаш мана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми экани, у киши юрт тинчлиги, динимиз равнақига улкан ҳисса қўшгани, устоз хайру саховатлар билан бирга илмий-маърифий китоблар ва кўплаб шогирдлар қолдирганини алоҳида таъкидладилар.
Сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов юртимизда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг ташкил этилиши, унинг бутун дунёга юз тутиши улкан тарихий воқеа бўлгани, мазкур жараёнда кўплаб уламолар қатори Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг ҳиссаси беқиёс экани, бугун юртимизда илм-маърифат, дин-диёнат йўлига умрини бағишлаган фидоий инсонларни эҳтиром қилиш эзгу анъанага айлангани, бу борада Муфтий ҳазрат ташаббуси билан Диний идорада Фахрийлар кенгаши тузилиб, унга соҳада хизмат қилган тажрибали уламолар аъзо қилингани, улар билан доимий алоқа ўрнатилганини эътироф қилди.
Тадбир давомида Диний идора Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур ва филология фанлари доктори, академик Неъматилла Ибрагимов Шайх Юсуфхонтўра Шокиров ҳақидаги хотираларни сўзлади. Шунингдек, Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси Шайх Талъат Тожиддиннинг видеотабриги, Шайхнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган махсус видеоролик ҳамда Тошкент ислом институти талабалари томонидан тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилди.
Тадбир якунида Шайх Юсуфхонтўранинг ўғиллари Акмалхон Шокиров сўзга чиқиб, у киши ҳақидаги хотираларини баҳам кўриш билан бирга тадбир ташкилотчилари, сўзга чиққанлар ва барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирди.
Анжуман доирасида олимнинг ҳаёт йўли, илмий-педагогик мероси ва диний-маърифий соҳа ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида замондошлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва оила аъзоларининг хотиралари ўрин олган “Фазилатли умр” номли китоб нашр этилгани маълум қилинди.
Маълумот ўрнида, Юсуфхонтўра ҳазратлари қарийб ярим аср давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ўринбосари, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритиб, Ислом олами давлатлари билан муносабатларни ўрнатишда мустаҳкам маънавий кўприк вазифасини ўтаган.
У кишининг “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”, “Ислом – иймон, эътиқод ва ҳаёт тарзи” каби илмий асарлари бугунги кунда ҳам муҳим қўлланма ҳисобланади.
Шайх Юсуфхонтўра Шокиров (1926–2000) юртимиздан етишиб чиққан илк Ал-Азҳар университети дипломи соҳиби ва Тошкент ислом институтининг биринчи ректори саналади. У киши нафақат раҳбар, балки катта устоз ҳам бўлган. Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтида тафсир, ҳадис, араб адабиёти ва балоғат фанларидан дарс бериб, юзлаб шогирдлар етиштирган.
Тадбир сўнгида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, динимиз равнақига катта ҳисса қўшган Шайх Юсуфхонтўра ҳаққига ҳамда яқинлашаётган Рамазон ойи чиройли ўтишини сўраб хайрли дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати