Итоатсиз қавмнинг адашуви
«Улар: “Эй Шуайб, айтганларингнинг кўпини яхши тушунмадик ва биз сени орамизда заифҳол кўряпмиз. Агар одамларинг бўлмаганида, сени тошбўрон қилар эдик. Сен биз учун азиз эмассан”, дедилар» (Ҳуд сураси, 91-оят).
Улар – Шуайб алайҳиссаломнинг қавми. “Айтганларингнинг кўпини яхши тушунмадик…” – Шуайб алайҳиссаломни истеҳзо ва масхара қилиб айтишган. Гўё улар у зотга жинниликни нисбат бериб: “Сен айтаётган гапни тушунмаяпмиз. Чунки гапинг жинниларнинг гапига ўхшайди”, дейишган. Бу ўтмишдаги итоатсиз қавмларнинг одатидир. Улар пайғамбарларга жинниликни нисбат беришар эди. Оятдаги “ма нафқоҳу” сўзи “айтганларингнинг кўпини қабул қилмаймиз” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Оят “тушунмаяпмиз” маъносида бўлса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Ва улар: “Агар қулоқ осганимизда ёки ақл юритганимизда эди, (ловуллаган) олов эгалари орасида бўлмаган бўлар эдик”, дерлар» (Мулк сураси, 10-оят).
Улар икки фирқа бўлишган. Бир фирқа: “Бизнинг қалбимиз илм учун идишдир”, дейишган. Бу уларнинг: “Қалбимиз ғилофланган” (Бақара сураси, 88-оят), деганларига ўхшайди. Улар: “Агар сен айтаётган гап ҳақ бўлса, худди бошқаларни тушунганимиздек, уни яхши тушунган ва англаган бўлар эдик”, дейишарди. Иккинчи фирқа: “Қалбларимиз сен даъват қилаётган нарсадан ғилофлардадир, қулоқларимизда оғирлик бор” (Фуссилат сураси, 5-оят), дейишган. Улар ўзларининг яхши тушунмаётганларини англашган. Чунки уларнинг қалбларида парда ва қулоқларида оғирлик бўлган. Биринчи фирқа: “Қалбларимиз илмга идиш. Агар у ҳақ бўлганида, худди бошқаларни англаганимиздек, уни ҳам англар эдик”, дейишган. Яъни улар айбни пайғамбарга тўнкашган. Анавилар эса, айбни ўзларида деб билишган. Шунга кўра, Шуайб алайҳиссаломнинг қавми ҳам шундай бўлишлари мумкин.
“…Ва биз сени орамизда заифҳол кўряпмиз”. Бу икки қарашни эҳтимол қилади: биринчиси, “Сен бизнинг катталаримиз ва улуғларимиздан эмассан. Балки сен ўртачамиздирсан”. Чунки пайғамбарлар ўртаҳол инсонлардан юборилар эди. Дунё ишларида катта бўлганлардан эмас. Ўша қавм наздида кучли ва қудратли киши қўлида мол-дунёси бўлган кишидир. Кимнинг мол-дунёси бўлмаса, у улар наздида заифҳол, хор кишидир. Чунки улар динни билишмайди ва охиратга иймон келтиришмайди. Шу сабабли оғизларига келган гапни гапираверишган.
Иккинчиси, сен ўз нафсингда куч-қувват эгаси эмассан. Зикр қилинишича, у зотнинг кўзи ва танасида бироз заифҳоллик бор эди. Улар мана шу икки қараш сабабли Шуайб алайҳиссаломни заифҳоллик билан сифатлаган бўлишлари мумкин.
“…Агар одамларинг бўлмаганида…” Яъни қабиланг бўлмаганида. Баъзилар: “Қариндошларинг бўлмаганида”, деган. “…Сени тошбўрон қилар эдик”. Бу оят икки қарашни эҳтимол қилади. Биринчиси, одамларингнинг ҳурмати бўлмаганида, сени тошбўрон қилар эдик. Шуайб алайҳиссаломнинг қавми бут-санамларга ибодат қилишда улар билан ёндош бўлганлари сабабли уларни ҳурмат қилишган. Иккинчиси, улар унинг одамларидан қўрқишган. Зикр қилинишича, у зотнинг қабиласи катта ва қариндош-уруғи кўп бўлган. Улар Шуайб алайҳиссаломнинг қариндошларидан қўрқишиб, унга озор беришмаган.
“Сен биз учун азиз эмассан”. Яъни сен бизнинг катталаримиз ва улуғларимиздан эмассан. Балки сен ўртачамизсан. Ёки “Сен биз учун мол-давлати кўп азиз эмассан”. Чунки улар наздида азиз фақат қўлида мол-дунёси бўлган кишидир. Улар бундан бошқа кишини азиз деб билишмаган. Шуайб алайҳиссаломда эса молу давлат бўлмаган. Шунинг учун у зотга мазкур сифатларни нисбат беришган. Ёки оят “сен бизнинг наздимизда хорсан, азиз эмассан” маъносида бўлиши мумкин. Ушбу маънога кўра оят юқоридаги “Ва биз сени орамизда заифҳол кўряпмиз” жумласига боғлиқ бўлади.
“Таъвилотул Қуръон” асаридан Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws