Эмизиш ҳам онага, ҳам болага фойдали
Инсон ҳаётидаги энг биринчи озуқа – она сутидир. Янги туғилган чақалоқнинг соғлом ўсиши, тўғри озиқланиши ва руҳий барқарорлиги ана шу неъматга боғлиқ. Она сутида чақалоқ учун зарур бўлган барча озуқа моддалари, витаминлар ва минераллар мавжуд. Илк кунларда чиқадиган колострум (илк сут) эса иммунитетни мустаҳкамлайди, вирус ва бактериялардан ҳимоя қилади, ичак фаолиятини тартибга солади ва аллергия хавфини камайтиради.
Она сутидаги ёғ кислоталари бола миясига фойдали, кейинчалик ақлий ривожланиши, хотираси ва диққатини яхшилашга ёрдам беради. Шунингдек, эмизиш она саломатлиги учун ҳам фойдали: бачадон тез тикланади, қон йўқотиш камаяди ва баъзи касалликлар хавфи пасаяди. Эмизиш нафақат озуқа бериш, балки она ва бола ўртасидаги муҳаббатни мустаҳкамлайдиган муҳим жараёндир. Бола она бағрида ўзини хавфсиз ва меҳрга тўла ҳис қилади. Психологлар буни “аттачмент назарияси” деб аташади.
Сунъий озуқа қўлланиши баъзи ҳолатларда зарур бўлиши мумкин, аммо улар она сутининг ўрнини тўлиқ босолмайди. Сунъий аралашмаларда тирик иммун ҳимояси ва махсус ферментлар мавжуд эмас. Ислом динида эмизишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланган бўлиб, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Оналар болаларини тўлиқ икки йил эмизадилар. Бу – эмизишни мукаммал бажармоқни истаганлар учундир» (Бақара сураси, 233-оят).
Уламолар таъкидлайдиларки, эмизиш вақтида она имкон бўлса покиза ва таҳоратли бўлиб, болага “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб кўкрагини тутиши лозим. Шунингдек, дуо қилиш ва болага хайрли тилаклар айтиш унинг ҳаракатини маънавий ибодатга айлантиради ва боланинг руҳий ривожи учун баркамол асос яратади.
Она ғазаб ва салбий фикрлардан узоқ турса, унинг меҳр ва сабри болага ҳам кўчади, уни меҳрибон ва хотиржам инсон қилиб тарбиялайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам болани камида олти ой фақат она сути билан боқишни, кейин эса қўшимча овқатлар билан бирга икки ёшгача эмизишни тавсия қилади.
Бу тавсиялар инсон физиологияси, ақлий ривожи ва руҳий соғломлигига тўлиқ мувофиқдир. Она сути – энг тоза, фойдали ва бебаҳо ризқ. У нафақат боланинг жисмоний ўсиши, балки руҳий хотиржамлиги, бошқаларга меҳр-муҳаббатли бўлиб улғайишида ҳам асосий омилдир. Эмизишни тарғиб қилиш шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришда илк қадам ҳисобланади.
Ризвон БАҲРОМОВА,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2023 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws