Омонатдорлик – мўминнинг зийнати
Муборак динимизда буюрилган гўзал амаллардан бири бу омонатдорликдир. Албатта, омонатдорлик мўмин кишига файз ва виқор бахш этади. Аксинча, омонатга бепарво ва эътиборсиз бўлган кишининг обрў-эътибори пасаяди, одамлар орасида ҳурмати йўқолади.
Раббимиз бундай эслатади: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Мўминун сураси, 8-оят).
Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм чиқаришингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Омонатдорлик , ваъдага вафо қилиш, хиёнатдан сақланиш якка шахслар ҳамда жамиятлар ўртасида ўзаро ишонч ришталарини мустаҳкамлайди ва ҳамкорликнинг барқарор бўлишига замин яратади. Агар мўминларга хос бу сифатлар йўқолса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди. Бу эса ишонч, меҳр-оқибат ва инсонийликка путур етказади, ёлғончилик ва алдов авж олиб, жамиятнинг мустаҳкамлигини хавфга қўяди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ҳадисларида омонатдорликка ва ваъдага вафо қилишга буюрганлар. Жумладан: “Омонат қўйган кишига омонатини қайтаринг! Сизга хиёнат қилган кишига эса хиёнат қилманг!” дейилган (Имом Термизий ривояти).
Афсуски, биз кўп ҳолларда омонатни жуда тор маънода тушунамиз. Уламоларимиз эса ушбу тушунчанинг маъно кўлами жуда кенг эканини таъкидлаганлар. Бугунги кунда кўпчилик ёддан чиқарадиган омонатнинг бир жиҳати – сўздаги омонатдир. Агар бир киши сизга ишониб бир сўз айтса ва уни бошқаларга айтмаслигингизни сўраса, у ҳам омонат ҳисобланади. Уни фош этиш эса омонатга хиёнатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Агар бир киши сизга бир гап айтса, сўнгра атрофга қараса, билингки, ўша сўз ҳам омонатдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Шундай экан, ҳам сўзда, ҳам амалда омонатдор бўлиб яшашга интилайлик. Бу орқали Аллоҳнинг розилигига эришиб, жамиятда эътиборли ва ҳурматли бўламиз. Аллоҳ барчамизни омонатдор ва ишончли бандаларидан қилсин.
Авазхон ЖАЛОЛОВ,
Сирдарё тумани “Абу Бакр” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws